Монтэг кулиб юборди. Қиз унга тезгина қараб олди.
– Нега куласиз?
– Билмадим, – дея яна кулди ва бирдан тўхтаб қолди. – Нега сўраяпсиз?
– Мен кулгили гап айтмасам ҳам, куляпсиз. Саволларимга дарҳол жавоб қайтаряпсиз. Сўраганларимни ўйлаб ҳам кўрмаяпсиз.
Монтэг тўхтади.
– Сиз чиндан ҳам ғалати экансиз, – деди у қизга яхшироқ қараркан. – Бировни ҳурмат қилишни биласизми?
– Сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Шунчаки, одамларни кузатишни жуда ёқтираман, шекилли.
– Бу сизга ҳеч нарсани англатмаяптими? – сўради Монтэг енгига туширилган 451 рақамини кўрсатиб.
– Англатяпти, – деди қиз шивирлаб ва қадамини тезлатди. – Айтинг-чи, ҳув анави томонда, хиёбонларда реактив автомобиллар елдек учиб боришларига ҳеч эътибор берганмисиз?
– Мавзуни ўзгартиряпсизми?
– Менимча, ўша автомобиль ҳайдовчилари майса нима ёки гул нима – билишмайди. Чунки бир дам секинлаб уларни томоша қилишмайди. Уларга яшил доғни кўрсатинг, “Ҳа, бу – майса”, дейишади. Қизғиш ранг улар учун атиргул. Оқ – уйлар, жигаррангни эса сигир деб билишади. Бир марта амаким автомобилни шосседан секин – соатига қирқ мил тезликда ҳайдагани учун уни икки кунга қамаб қўйишди. Бу ҳам кулгили, ҳам ачинарли, тўғрими?
– Сиз кўп нарсаларни ўйларкансиз, – деди Монтэг бироз ноқулай ҳолга тушиб.
– Мен девор телевизорни1 деярли кўрмайман, пойгаларга ёки кўнгилочар хиёбонларга ҳам бормайман. Шунинг учун ҳар хил бўлар-бўлмас нарсаларни ўйлайвераман. Шаҳар ташқарисидаги узунлиги олтмиш метрлик реклама ва эълон тахталарини кўрганмисиз? Қачонлардир уларнинг узунлиги бор-йўғи олти метр бўлганини биласизми? Бироқ машиналар шу қадар тез юрадиган бўлиб кетишдики, одамлар рекламаларни ўқишга улгуришлари учун тахталарни узайтиришди.
– Буни билмагандим, – деди Монтэг кулиб.
– Мен яна сиз билмаган бир нарсани биламан. Эрталаблари майсаларда шудринг бўлади.
Монтэг буни қачондир билганми-йўқми, эслашга уринди. Бироқ эслай олмади ва бундан бироз жаҳли чиқди.
– Агар у ёққа назар ташласа, – деди қиз осмонга имо қилиб, – ойда одам шаклини кўриш мумкин.
Лекин Монтэгнинг назар ташламаганига анча вақтлар бўлиб кетган эди.
Улар йўлда жим давом этишди. Қиз ўйчан, Монтэг эса қизнинг ора-сира айбловчи нигоҳларидан афсус ва хижолат чекиб борарди. Қизнинг уйига етиб келишганда уйнинг барча деразаларидан ёруғ тушиб турган эди.
– Бу ерда нима бўляпти? – сўради уйларнинг бу қадар ёритилганини ҳеч кўрмаган Монтэг.
– А, шунчаки отам, онам ва амаким суҳбатлашиб ўтиришибди. Бу ҳозирги кунда пиёда юриш каби камдан-кам учрайдиган ҳолат. Амаким яна бир марта қамалганини айтдимми сизга? Бу сафар пиёда юргани учун қамашганди. О, қанчалик ғалати одамлармиз-а?!
– Аммо нима ҳақида гаплашасиз?
Қиз кулиб юборди.
– Хайрли тун, – деди ва уйи томон юрди. Кейин тўхтади