Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимий ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 3—4 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд – пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.
Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.
Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.
2.4. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари
Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:
машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жароҳатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи чегараловчилар (ёпгичлар, тўсқичлар);
механизмларни хавфсиз ишга туширувчи ва тўхтатувчи мосламалар (машина иш органларини зудлик билан тўхтатилишини таъминлаш учун электродвигателни электр занжирига тескари улаб айлантириш ҳамда динамик тормозлаш усуллари қўлланилади);
ускуналарнинг юқорида жойлашган қисми ва деталларига хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлайдиган қурилмалар (иш майдончалари, нарвонлар ва б.қ.);
хавфли омил пайдо бўлганлигидан огоҳлантирувчи қурилма ва асбоблар (манометрлар, огоҳлантириш воситалари ва б.қ.);
хавфни бартараф этувчи қурилма ва асбоблар (тўсқичлагичлар, сақловчи клапанлар, муфталар ва б.қ.);
тўсиқлар, газ баллонлари, ишга тушириш ручкалари ва тугмачалари, симларни белгилаш маркалари ва бошқаларидан ажратиш учун бўялиши ва бошқалар киради.
Тўсқичлагичлар (блокировка) қурилмалари одамни хавфли зонага ўтишига тўсқинлик қилади ёки унинг бу зонада бўлган пайтида хавфли омилни бартараф этади. Электр тўсқичлагичлар технологик ускуна электр юритмасини машинанинг хавфли зоналарида ҳимояловчи тўсиқлар (ёпгичлар) мавжуд бўлганда юргизади.
Пахта тозалаш корхоналари машина ва механизмларида пайдо бўладиган шовқин, титраш ва чанг зарарли омиллар жумласига киради.
2.5. Ишловчиларни шовқин ва титрашдан ҳимоялаш
2.5.1.