Иқтисодий пойдевор – меҳнат. Меҳнат – йилнинг ҳосилдор фаслларини киши фойдасига қаратадиган инсон унсури саналади. Хирмонни хирмон қилган – инсон меҳнати. Иқтисодий тамойил шундай: ҳар биримиз ўзимиз яратмаган, ярата олмайдиган, табиат ато этган хомашё билан ишлаймиз.
Ахлоқий пойдевор – инсоннинг ўз меҳнат маҳсулига бўлган ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ турли шаклларда ифодаланади. Баъзида бу “мулк ҳуқуқи” деб аталади. Баъзан бу ҳуқуқ “Ўғирлама” деган қайтариқда мужассам. Мулк ҳуқуқи бор экан, ўғрилик жиноят ҳисобланади. Нон ишлаб топган одам ўша нонга ҳақдор. Агар бошқа кимса уни ўғирласа, бу шунчаки нон ўғирлаш эмас, балки инсоннинг муқаддас ҳуқуқига дахл қилишдир.
Ишлаб чиқариш имконига эга бўлмасак, ҳеч нарсамиз бўлмайди. Баъзилар айтадики, мабодо ишлаб чиқарсак, у ҳам капиталистлар учун бўлади. Яхшироқ ишлаб чиқариш воситаларини тақдим қила оладиган капиталистлар – жамият пойдеворидир. Уларнинг ҳеч нарсаси ўзиники эмас. Улар шунчаки мулкни бошқалар фойдаси учун тасарруф қилади. Олибсотар капиталистлар – вақтинчалик зарурий ёвузлардир. Улар ўз пулини ишлаб чиқаришга жорий этса, ёвуз бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо уларнинг маблағи тақсимлашни мушкуллаштиришга, истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчи ўртасида тўсиқлар барпо этишга хизмат қилса, унда бундай капиталистлар ёвуз саналади, пул меҳнат муносабатларига яхшироқ мослаштирилса, уларнинг фаолияти тўхтайди. Қачон пул меҳнат муносабатларига яхшироқ мослашади? Қачонки, фақат меҳнатгина саломатлик, бойлик ва бахт йўлига олиб чиқишини ҳамма тўлиқ англаса.
Ишлашни истаган инсон ишлолмаслиги ва меҳнати учун лозим ҳақни ололмаслиги учун асос мавжуд эмас. Худди шу каби ишлай оладиган, бироқ ишламайдиган одам жамиятга хизмати учун тегишли ҳақни олмаслигига асос йўқ. Ҳар қандай шароитда инсон жамиятга берганига яраша олиши ҳам керак. Агар у жамиятга ҳеч нарса бермаса, жамиятдан ҳам бирор нарса талаб қилишга ҳақли эмас. Унга ҳам эркинлик берилган – очликдан ўлиш эркинлиги. Кимдир ўзи лойиқ бўлганидан кўра кўпроқ ҳақ олаётган бўлса, ҳамма ўз хизматига қараганда кўпроқ ҳақ олишга ҳақли, деган ақида билан