Нафинг агар халққа бешак дурур,
Билки, бу наф ўзингга кўпрак дурур.
Бир умр халққа камарбаста бўлган Алишер Навоий халққа наф келтиришни бахт деб билган. Албатта халқ розилигини олишданда улканроқ бахт йўқ жаҳонда. Зотан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “…Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак? Аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.
Буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, – дейилган байтларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.
Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу – умидларимиз, интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади.
Ушбу рисолада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Авлиёлар авлиёси”нинг валийлик жиҳатлари, кароматлари, бу буюк зотда ғайб сирларининг намоён бўлиши, Абдураҳмон Жомий билан устоз–шогирдлик муносабатлари, Султон Ҳусайн Байқаро саройидаги адабий йиғин, Навоий асарларидаги башоратлар, борингки, бу улуғ зотнинг тил ва адабиётимиз, тарихимизда тутган ўрни қаламга олинади. Ушбу китобча Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида чоп этилган илмий конференция материаллари, ”Соҳибқирон юлдузи”, ”Тафаккур” журналлари ҳамда “Қашқадарё”, ”Баркамол авлод”, ”Дарё”, ”Мўжизавий дунё”, ”Нафосат”, ”Нишон тонги” каби кўплаб газеталарда чоп этилган мақолалар тўплами. Муҳими, бу мақолалар жамоатчилик, илм аҳли томонидан катта қизиқиш ва эътироф билан кутиб олинган. Ўз навбатида китобда сизу биз учун янгилик бўлган қизиқарли маълумотлар ҳам эътиборингизга ҳавола этилади. Алишер Навоий бобомиз олами сизни оғушига тортади.
Албатта, Навоий олами бу шундай тилсимли оламки, ҳали – ҳануз бу жабҳада сизу биз билмаган сиру синоатлар жуда кўп. Ушбу китоб денгиздан бир томчи, холос.
ҒАЙБ СИРЛАРИНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИ
ЁКИ “АВЛИЁЛАР АВЛИЁСИ”НИНГ ҚУДРАТИ
Чу Ҳақдин эди ул саодат менга, Бу душвор иш ичра жалодат менга.
Жомийнинг каромати
Ҳазрат Навоий “Хамса” (беш достон) ёзиш орзусида эди. ”Садди Искандарий” асарида (насрий баёнида) ёзилишича, ”бу ҳавасни тарк этай десам ҳимматим қўймас, ишни бошлаб зўр берай десам, қувватим етмас эди. Бинобарин панжамга ҳасрат – надомат билан боқиб, бу панжамни у панжамга урар эдим. Мана шундай хаёл менинг ақл – ҳушимни ихтиёримдан