Ана, домла сариқ портфелини гўё оғир юк кўтаргандай бир ёққа қийшайтириб кўтариб кела бошлади. Кўринишидан яхши ухлаб дам олган, отдай гижинглаб, мамнун саломлашиб келаверди. Биринчи учлик олдига пешвоз чиқиб, бирин-кетин:
– Ассалому алайкум, домла! Вой, нима бўлди?—Мазайз йўқми? Рангингиз оқариб кетибди,– дейишди.
– Салом, салом… Яхшиман, отдайман,—домла бепарво илгарилаб юрди. Фоэдаги иккилик домлани қаршисига ўтди.
Новча гап бошлади:
– Яхши келяпсизми, домла? – иккинчиси келиб илиб кетди:
– Вуй домла, тобингиз йўқми? Кўзларингиз ичига ботиб турибди. Яхши ухламадингизми?—деди ачингандай бўлиб образга кириб.
– Йўқ, нега? Ҳа, кечаси бироз ўйқум қочгандай бўлувдими,– деб домла хаёлан тунини эслади.
– Вой, домлажон, бепарво бўлманг, дўхтирга қаратинг, ҳа, бепарво бўлманг, қўшнимиз шунақа бепарво юравериб…
– Худо кўрсатмасин, пақ этиб…– деди иккиликнинг ўрта бўйлиси ачиниброқ.
– Қаратамиз… Жа унчаликмас.
Коридорда турган жингалак соч йигит келиб, қўлини чўзиб, юзига тикилиб:
– Ассалому алайкум, домла…– деди. Домлани алик олишига ҳам қўймасдан «давомини» тўкиб солди.– Шу ҳолда ишга келавердизми, фидойилик ҳам эви биланда, домлажон. Қаранг, рангингизни, – ёнидан ойнача олиб юзига тутди. Оқ деворнинг яқинида турганлиги, унинг устига неон чироғи ўчирилмаганлиги туфайли юзи оқариб, рангпар бўлиб кўринди.
– Дарвоқе, юзим сағал ўзимга ҳам ёқинқирамай турибди. Уйдан чиқаётганда яхшийдим, шекилли…—Домланинг ўзига шубҳаси ортди.
– Сағалмас, домлажон, росмана рангингиз бўзариб кетган. Бепарво бўлманг. Домлажон, сиз бизга кераксиз.
Ҳа… Домлани юрагига росмана шубҳа тушди. Бирдан юраги санчгандай бўлди. Лекин эътибор бермагандай деканатга кириб, шошилинч пальтосини ечиб чиқди. Аудитория эшиги олдида кўзларини пириллатиб турган «Дездемона» саволга тутди:
– Домлажон, ассалому алайкум, ҳамма студентлар жам, дарсни бошлаймизми?
– Бошлаймиз,– деди домла, лекин овози хастароқ чиққандай бўлди.
– Домлажон, кўзимга сағал мазайз йўғроқ кўриняптими?.. Нима бўлди?.. Рангингизда қон қолмаптию… Вуй, қўйинг, бугун дам олинг, ўзимиз тайёрланиб келақоламиз.
Бирдан домланннг юраги санчди. Тер қуйди. Студентлар бир-бирига маъноли қарашиб стул беришди. Домла беҳол ўтирди. Кимдир «тез ёрдам»га югуриб чиқиб кетди. Йигит-қизлар домлани елпиган, қоровулдан қанд чой топиб келган. Бир вақт бўйнига плендаскоп осган ёшгина «тез ёрдам» врачи кириб келди. Орқасидан дори-дармон кўтарган семиз ҳамшира кирди.
Врач домланинг юрагини эшитар экан;
– Инфаркт, касалхонага…—деди. Домлани медицина замбилида машинага олиб чиқиб кетишди. Студентлар қиқирлашиб «Дездемона»нинг туғилган кунига жўнашди. Йўлда Тарас Булба:
– Келаси ҳафта Отеллонинг