– Алло, Акмал ака? – хотинининг бир оз ташвишли овози эшитилди гўшакдан. – Ҳалиям ишхонадамисиз?
– Ҳозир кетмоқчи бўлиб тургандим.
– Бир оз хавотир олдим. Қуюқ туман тушибди, машинани эҳтиёт бўлиб ҳайданг! – У қисқа-қисқа гудок бера бошлаган гўшакни яна бир муддат тутиб турди-да, сўнг жойига қўйди.
Акмал куни бўйи сирли жиноят тарихи битилган қоғозларга кўмилиб арзирли бир ечим топа олмади. Терговчи сифатида қаёққа боришни ҳам, нима қилишни ҳам билмай боши қотиб турганди. Энди эса уйга бориши, илиққина душ қабул қилиб, озгина тин олиши мумкинлигини англади. Хотинининг қўнғироғи аямажуз қишнинг қаҳри синган пайт баҳор дарагини олиб келган қалдирғочнинг ташрифи каби ҳорғин руҳига илиқлик солди.
Ташқари анчагина совуқ экан. У пальтосининг ёқасини кўтариб олди. Кейин туманнинг қалинлигидан деярли кўринмай қолган йўлни тусмоллаб қадам босганча машинаси томон қараб кетди…
2
Акмал уйига келгач, иссиққина душ ҳақидаги қарорини бекор қилди. Овқатга ҳам иштаҳаси бўлмади. Қизиқ, вужудида чарчоқ, руҳан толиққан, қовоқлари зил-замбил бўлишига қарамай, нимагадир ухлашга ҳам ҳуши бўлмайди. Шундан, ётоқхона эшигини оҳиста очди-да, уни кута-кута ухлаб қолган хотинига термулиб бирпас туриб қолди. Йўлакдан тушган нур ёруғида кўкси очилиб, қора халати остидан ич кийими оқариб кўриниб турган, тим қора сочларини елкалари узра паришон ёйганча ухлаб ётган хотини шу дам кўзларига баайни қалдирғочга ўхшаб кўриниб кетди.
Шу асно хаёлидан «ялт» этиб бир фикр кечди: «уни деярлик ҳар кеч шу алфозда кўраман. Нега энди, келиб-келиб шу бугун қалдирғочга ўхшатдим? Бояги қўнғироғи боис, албатта! Тўхта-тўхта! Ҳм-м-м-м, демак…».
Акмал бир неча кундан бери ўзини қийнаб келаётган бир жумбоққа ечим топгандек бўлди. Жиноят жойидан топилган ён дафтарча, тўғрироғи «Ром» дея бошланиб, бир неча мантиқсиздек туюлган жумлалардан иборат ёзувни кўз олдига келтирди. У бу топилмани бир-икки кўздан кечириб, кейин жиноятга алоқаси йўқ, деган ўй билан эътиборидан соқит қилганди. Ҳозир эса, бир неча банддан иборат жиноят тафсилотларидан топа олмаган мантиқни шу парчагина варақда кўргандек бўлаяпти.
Хаёлини бир жойга қўйиб, фикрини йиғиб, муаммога тўла ойдинлик киритиш мақсадида, ётоқхона эшигини қанчалар оҳиста очган бўлса, шундай беозор ёпдида, китобхонасига кириб кетди.
3
Акмал эрталаб жиноятга боғлиқ барча ҳужжатларни олиб кетганди, аммо ишхонага келиб ён дафтарчани столи устида унутиб қолдирганини сезди. Асабийлашмади, чунки ўшанда у дафтарчанинг бу жиноий ишга алоқаси йўқ деган қатъий фикрда эди. Ҳозир эса уни варақларкан, унутиб қолдирганим яхши бўлган экан, деб хурсанд бўлиб қўйди. Кейин, ўша жумбоқ сатрлар битилган жойни шошилмай ўқий бошлади: «Ром». Бургут боласи чумчуқ+ ўхшаб яшамас= к|к. Олтин\ чибин нафси ҳак-к отса ўргамчак тўр. туш. Ўз= бино қил/ уй = девор. ёриғи+ чаён чиқ. нишини санчимоқ бўла. Оёқ остинг. илон чумчуқ полапон. ютмоқ пайида Калтакесак думига бевафо. Бўталоқ тўпи+ ажра/ қ… гўшт/ чўқ.
Акмал талабалик чоғи лекцияларни ёзиб олишга улгуриш учун қўлланиладиган белгиларни хотирасида тиклаб, матнни қайта-қайта ўқиди. Фақат чатилиб кетган сўнгги сўзлардан бирини ҳисобга олмаганда жумлалар мазмунини деярли фаҳмлади. У қисқартма сўзлардан ҳосил бўлган маънони тоза оқ қоғозга қуйидаги тарзда ифодалади:
Бургутнинг боласи чумчуққа ўхшаб яшамаслиги керак. Олтинлиқ чибин нафси ҳакалак отгани туфайли ўргимчак тўрига тушади. Ўзинг бино қилган иморат деворининг ёриғидан чиққан чаён нишини санчмоқчи. Оёғинг остида ўрмалаб юрган илон полопонингни ютмоқ пайида. Калтакесак думига бевафо. Туянинг боласи тўпидан ажраса қ.... (?) гўштини чўқийди.
Бу ҳақиқатдан ҳам кимнингдир тақдирига очилган «ром», – ўйлади терговчи, кейин олдидаги оппоқ қоғозга: «Фолбин ким?» деб ёзди-да, катта сўроқ белгиси қўйди. Буниси ҳали номаълум. Аммо у ўта закийлик билан мижозининг қисматини зарбулмасалда ифода этгани аён. Акмалнинг мушоҳадаси яна бир саволга бориб тақалди: «Мижоз ким?» Мантиқан олиб қараганда, – фикрлашда давом этди Акмал, – мижоз ён дафтарча соҳиби. Демак, «ром» – сирли жиноят қурбони, бир кечада дом-дараксиз йўқолган Жобирбекка аталган.
Акмал, юқоридагилардан келиб чиқиб, жиноятни очиш йўлини қуйидаги тенгламада изоҳлади: «Ёндафтарча билан «ром» бир одамга, яъни мижозга тегишли. Мижоз – жиноят қурбони Жобирбек! Гепотеза – аксиомага тенг. Аксиомани эса аниқлаш керак», деб қоғозга яна битта сўроқ белгисини қўйди…
4
Энди ўқувчиларимизга ҳикоямиз қаҳрамони Акмал ва у тергов олиб бораётган жиноий иш ҳақида маълумот бериш пайти келди.
Акмал шаҳар ички ишлар бўлими терговчиси. Қорачадан келган, бўйдор йигит. Дзю-до билан боксдан ташқари, спортнинг шахмат турига ўта ишқибоз: «Шахмат ақлни пешлайди, ақл мураккаб масалаларга ечим топишда қўл келади» деб ҳисоблайди. Оилали, битта фарзанди бор. Яқинда, эскироқ бўлса ҳам, машина сотиб олди. Энг муҳими ўз ишининг устаси. Фаолияти давомида, унга топширилган бирон-бир иш очилмай қолмаган. Ухламаса-ухламайдики,