XI
Кескин бурилиш (перипетия), таъкидланганидек, воқеанинг қарама-қарши томонга ўзгаришидир. Айни вақтда, бу эҳтимоли кутилган ёки зарурий ўзгаришдир. Чунончи, «Эдип»да шоҳ Эдипнинг аслида кимлигини айтиб, хурсанд қилиш учун, шоҳни онасидан қўрқиш туйғусидан қутқазиш учун келган хабарчи амалда мутлақ зид натижага эришади; «Линкей»да33 ҳам шундай, бировни ўлимга олиб кетишади. Данай эса уни ўлдириш учун орқасидан боради. Аммо воқеалар давомида бунинг тескариси бўлади, биринчи одам омон қолади, кейингиси эса ўлимга учрайди. Тўсатдан англаш, номидан ҳам кўриниб турганидек, билмасликдан билишга томон, бахтиёрлик ёки бахтсизликка маҳкум этилган шахсларнинг дўстлик ёки душманлик томон ўтишидир.
Тўсатдан билишнинг энг яхши намунаси худди «Эдип»да юз бергани сингари, мушкул аҳвол давомида содир бўлади. Албатта, ўзгача билиб қолишлар ҳам бўлади; чунончи, таъкидланганидек, жонсиз ва умуман ҳар қандай тасодифий нарсаларни ҳам, шунингдек, кимнингдир нимадир қилгани ёки қилмаганини ҳам англаш мумкин. Бироқ фабула учун энг зарури ва воқеа учун нисбатан аҳамиятлиси, юқорида айтилган, тўсатдан англашдир, чунки бундай англаш кескин бурилиш – мушкул аҳвол билан биргаликда ачиниш ёки қўрқувни юзага келтиради, трагедия эса худди шундай воқеаларни акс эттиради, бахт ва бахтсизлик ҳам худди шундай тўсатдан англаш билан бирга содир бўлади.
Тўсатдан англаш кимнидир билиш бўлгани учун ҳам гоҳо бир шахс фақат бир кишини билиши мумкин (агар иккинчисига биринчиси маълум бўлса), гоҳо икки киши бир-бирини тўсатдан англаши мумкин. Масалан, Орест Ифигенияни хат туфайли билади, лекин Ифигениянинг Орестни таниши учун ўзгача тўсатдан англаш ҳолати талаб қилинади.34
Шундай қилиб, фабуланинг икки қисми, аввал таъкидланганидек, мушкул аҳвол мушкулот ва тўсатдан билишдир, учинчи қисмини эса пафос – эҳтирос ташкил этади. Бу қисмлардан мушкулот ва тўсатдан билиш ҳақида юқорида айтилди. Эҳтирос эса ҳалокат ёки изтироб келтирувчи ҳаракатдир. Масалан, саҳнадаги ўлим, кучли изтироблар, ярадор бўлиш ва бошқа шунга ўхшашлар…
XII
Трагедиянинг қисмлари, унинг ташкил этувчи асосларини юқорида айтиб ўтдик. Унинг ҳажм жиҳатдан бўлинишлари қуйидагича: пролог, эписодий (эпизод), эксод ва ўз навбатида парод ва стасимга бўлинувчи хор қисм; охирги қисмлар ҳамма хор қўшиқларига хос, айримларининг ўзига хос хусусиятлари саҳнадан айтиладиган қўшиқ ва коммослардан иборат.35 Пролог – трагедиянинг хор пайдо бўлгунгача даврдаги яхлит бир қисми. Эписодий – трагедиянинг