Д’Артаньян эшикларни қоқиб, кўчама-кўча чопиб юрган пайтда Арамис келиб, иккала ўртоғига қўшилишга улгурди, шунинг учун д’Артаньян қайтиб келгач, бутун тўп жам бўлганининг устидан чиқди.
– Хўш, нима гап? – деб жиққа терга ботиб, афти ғазабдан буришиб кирган д’Артаньянга кўз ташлаб, бир овоздан сўрашди учала мушкетёр.
– Нима гап бўларди! – шляпасини каравотга улоқтириб хитоб қилди йигит. – Бу одам иблиснинг ўзи бўлса керак. У соядай, шарпадай, арвоҳдай ғойиб бўлди.
– Сиз арвоҳларга ишонасизми? – деб Атос Портосдан сўради.
– Мен фақат кўрган нарсаларимга ишонаман, лекин арвоҳларни, модомики кўрмаган эканман, уларга ишонмайман, – жавоб берди Портос.
– Библия, – дея гапирди Арамис, – уларга ишонишни тақозо қилади: Самуилнинг сояси Саулга намоён бўлган, бу эътиқод ақидаси, ундан шубҳага боришнинг иложи йўқ, деб ҳисоблайман.
– Нима бўлганда ҳам инсонми ёки иблисми, жисмоний мавжудот ёки соями, хомхаёлми ёки ҳақиқатми, лекин бу одам менинг бошимни ейиш учун яратилган. Унинг қочиб кетиши мени юз пистол ҳатто, ундан ҳам кўпроқ пул топиб берадиган ишни бой беришга мажбур қилиб қўйди.
– Қандай қилиб? – бир овоздан хитоб қилишди Портос билан Арамис.
– Атос ҳар қачонгидай ортиқча сўзлардан қочиб, д’Артаньянга савол назарини ташлади, холос.
– Планше, – эшикни қия очганича узуқ-юлуқ бўлсада, суҳбат маъносига етиш учун бошини суқиб турган хизматкорига юзланиб деди д’Артаньян, – пастга, шу уйнинг эгаси жаноб Бонасенинг олдига тушинг ҳамда бизга олти шиша Божанси шаробидан чиқариб юборишни сўранг. Мен буни бўлак ҳаммасидан афзал кўраман.
– Ана холос! – хитоб қилди Портос. – Хўжайинингизда чексиз ҳаддингиз борга ўхшайдими?
– Ҳа, – жавоб берди д’Артаньян. – Бугунги кундан эътиборан. Кўнглингиз тўқ бўлсин: шароб тузук чиқмаса, бошқасига юборамиз.
– Истеъмол қилиш керак, суиистеъмол эмас, – насиҳатомуз оҳангда илова қилди Арамис.
– Мен ҳамиша тўртовимизнинг орамизда энг доноси д’Артаньян деб юрардим, – деди Атос ва д’Артаньян таъзим билан жавоб қилган бу сўзларни айтиб, ўзининг одатий скунатига ғарқ бўлди.
– Лекин, ҳарҳолда, ўзи нима бўлди? – сўради Портос.
– Ҳа, бу сирдан бизни воқиф этинг, азиз дўстим, – гапни илиб кетди Арамис. – Фақат бу воқеага аёл кишининг номуси аралашмаган бўлса: башарти шундай бўлса, сирингизни ўзингизда қолдирганингиз маъқул.
– Хотиржам бўлинг, – деди д’Артаньян, – мен маълум қилишим зарур гапдан ҳеч кимнинг номусига путур етмайди.
Сўнгра у ўзининг уй эгаси билан бўлган суҳбатини, бу ҳурматли шаҳарлик киши рафиқасининг ўғриси ўзи «Озод тегирмончи» меҳмонхонасида тўқнашиб қолган кишининг худди ўзи бўлиб чиққанининг ҳаммасини муфассал гапириб берди.
– Иш чакки эмас, – шинаванда алфозда