Шу куни эрталаб Холмс, ўзимиз шоҳиди бўлган фожиа ҳақида чурқ этиб ҳам оғиз очмади. Лекин у худди ниманидир эслашга уринаётган одамга ўхшаб ниҳоятда чуқур ўйга толган ва паришонхотир эди. Бир вақт у тўсатдан сапчиб туриб кетди.
– Юпитер14 ҳаққи, Уотсон, – деб юборди у. – Эсимга тушди! Шляпангизни кийинг! Мен билан юринг!
Биз бутун Бейкер-стрит ва Оксфорд-стрит бўйлаб деярли чопиб ўтдик, Рижент-серкес майдонига етай деб қолганимиздагина югуришдан тўхтадик. Бу ерда, чап томонда бир магазин бўлиб, унинг ойнасига сўнгги кунларда довруқ қозонган одамларнинг, ҳамма маълума ва машҳура гўзал хонимларнинг фотосуратлари қўйиларди. Холмснинг нигоҳи шу дилбар хонимлардан бирига қаратилди, мен ҳам унинг нигоҳига эргашдим, шунда кўзим эгнига сарой аъёнлари либосини кийган, улуғвор бошига муҳташам бриллиант тож қўндирган такаббур қиёфали соҳибжамол аёлнинг портретига тушди. Мен бу хилқатнинг бежирим бурни, қуюқ қошлари, чиройли оғзи ва жажжи иягини кўздан кечирдим. Портрет остига ёзилган неча-неча асрлардан бери довруғи оламга таралиб келган буюк мансабдор ва давлат арбобининг исмини ўқидим-у, нафасим ичимга тушиб кетди, зеро, бу гўзал хоним шу зотнинг рафиқаси бўлган эди. Шунда кўзим Холмснинг кўзига тушди, лекин у «жим» демоқчи бўлгандай бармоғини лабига босди.
ШЕРЛОК ХОЛМС ЎЛИМ ТЎШАГИДА
Шерлок Холмс ижарада яшаётган уй бекаси миссис Хадсон унинг дастидан жуда кўп азоб чекарди. Уйининг иккинчи қаватига куннинг истаган пайтида номаълум шахслар, баъзан турқи совуқ одамлар кириб келиши етмагандай атоқли уй ижарачиси ўз бесаранжомлиги ва тоқатсизлиги билан бекасининг асабларини синамоқчидай бўларди. Холмснинг ҳаддан зиёд батартиблиги, кишилар ором оладиган пайтларда мусиқа билан шуғулланиши, хонада тўппонча отиши, ғалати ҳидли тажрибалар ўтказишдек ақлга сиғмайдиган қилиқлари, атрофини қуршаган жиноят ва хавф-хатар уни Лондондаги энг ноқобил ижарачига айлантирганди. Аммо у подшолардек ҳақ тўларди. Мен дўстим шу уйда яшаган йиллари ижарага шоҳона пул тўлаганини биламан, у ҳатто миссис Хадсоннинг уйини ҳам бемалол сотиб олиш мумкинлигига ҳеч шубҳа қилмайман.
Шу туфайли миссис Хадсон Холмснинг олдида жуда мулойим бўлишга мажбур эди. Холмс аёлларга нисбатан мулойим муносабатда бўлгани миссис Хадсонга жуда ёқарди. Ҳа, дарвоқе, Холмс ҳеч қачон аёлларни ёқтирмаган. Аммо уларга ишонмаса ҳам аёлларга нисбатан рицарларча хушмуомалада бўларди. Миссис Хадсоннинг дўстимга бўлган илтифотини билганим учун ҳам уйланганимнинг иккинчи йили у меникига ҳовлиқиб келиб, бечора дўстимнинг оғир касал бўлиб қолганини айтганда, жуда ҳаяжонландим.
– Доктор Уотсон, у жон беряпти, – деди миссис Хадсон. – Унинг бетоб бўлганига уч кун бўлди. Кундан-кунга аҳволи оғирлашяпти. Эртагача яшайдими, йўқми, буни Парвардигорнинг ўзи билади. Аммо у доктор чақиришга рухсат