Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари. Артур Конан Дойл. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Артур Конан Дойл
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-27-255-2
Скачать книгу
гоҳ бундоқ, сэр.

      – Онт ичиб айтаманки, бугун у нонушта қилмаган бўлиши керак. Бунақа чекишда у ҳали иккинчи нонуштадан ҳам воз кечади.

      – Янглишдингиз, сэр. Аксинча, бугун эрталаб у жуда кўп овқат еди. Илгари бунчалик тўйиб нонушта қилганини эслолмайман. Бугунги иккинчи нонуштага бўлса, ошпичоқ билан уриб юмшатиб қовурилган гўшт буюрди. Эшитиб ҳайрон қолдим, чунки мен кеча ерда чўзилиб ётган бечора мистер Смитнинг жасадини кўрганимдан бери, овқат деса кўнглим айнийдиган бўлиб қолди. Лекин одам одамга ўхшамас экан. Айтмоқчиманки, профессорнинг иштаҳаси асло бўғилган эмас.

      Биз чошгоҳгача боғни айланиб юрдик. Хопкинс, кеча эрталаб Чатам йўлида нотаниш бир аёлни кўришибди, деган миш-мишни аниқлагани қишлоққа кетди. Энди дўстимга келсак, у ўзи текшираётган ишга бутунлай қизиқмай қўйган эди. Унинг терговни бу даражада ҳафсаласизлик билан олиб борганини ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳаттоки Хопкинс қайтиб келиб, қишлоқ болалари ҳақиқатан ҳам Холмс тасвирлаган қиёфадаги аёлни кўришгани, боз устига, унинг пенсне таққани ҳақида гапирганида ҳам дўстим бу янгиликка лоқайд қаради. Фақат нонушта пайтида бизга хизмат қилаётган Сьюзен: мистер Смит кеча эрталаб боғда сайр қилиб, фалокат юз беришидан ярим соат олдин уйга кирган эди, деб айтганидагина Холмс сал жонлангандай бўлди. Мен бу ҳолнинг ўзимиз текшираётган иш учун қандай аҳамияти борлигини кўз олдимга келтира олмадим. Шунга қарамай, Холмс бу воқеани ҳам ўз тасаввуридаги умумий манзарага тиркади шекилли, деб ўйладим. Бирдан у соатига қараб, ўрнидан туриб кетди.

      – Соат икки бўлди, жентльменлар, – деди у, – юринглар, юқорига чиқиб, дўстимиз профессор билан очиқчасига гаплашиб олайлик.

      Кекса профессор иккинчи нонуштани тановул қилиб бўлган эди, овқат келтирилган тақсимчанинг бўм-бўшлиги рўзғорбошининг гапи тўғри эканлигидан далолат берарди: профессорнинг иштаҳаси зўр кўринади. У тук босган юзини ўгириб, чўғдек ёниб турган ботиқ кўзларини бизга тикканида қиёфаси ниҳоятда ваҳимали бўлиб кетди. Турган гапки, у ҳозир ҳам чекаётган эди. Уни кийинтиришган, энди у олов яқинидаги креслода ўтирарди.

      – Хўш, мистер Холмс, бу мудҳиш фалокат сирини фош қила олдингизми?

      У сигарета қутисини Холмс томонга сурди. Холмс ҳам у билан баравар қўлини сигаретага узатди, шунда қути ерга тушиб сигареталар сочилиб кетди. Ҳаммамиз чўққайиб ўтириб, энг ноқулай ерларга думалаб кириб кетган сигареталарни тера бошладик. Биз ўрнимиздан турганимизда, қарасам, Холмснинг кўзлари порлаган, яноқларига қон югурган. Бу ғалабадан дарак эканлигини яхши билардим.

      – Ҳа, – деди дўстим. – Мен уни фош қилдим.

      Стэнли Хопкинс билан мен унга ҳанг-манг бўлиб тикилиб қолдик. Кекса профессорнинг чувакдек озғин юзида сезилар-сезилмас жилва пайдо бўлди.

      – Фош қилдингизми? Қаерда, боғдами?

      – Йўқ, шу ерда.

      – Шу ерда-я? Қачон?

      – Ҳозиргина.

      – Ҳазиллашяпсиз, мистер Холмс. Кечирасиз-у, ниҳоятда жиддий бу ишни ҳазилга айлантириш яхшимас.

      – Профессор Корэм, мен ўз мулоҳазаларим