Кейинги воқеалар ёш поручикнинг иштиёқига имкон туғдирди. Муносабатлари Япония билан мураккаб вазиятда бўлган Россияда инқилоб юз берди. Подшо тахтдан четлатилган, Октябрь тўнтаришидан сўнг Совет республикаси ташкил топган ва мамлакатда фуқаролар уруши авж олганди. Россияда советларни қириб ташлаб, аввалги монархия бошқарувини тиклаш учун йигирмадан ортиқ мамлакат ўзаро битим тузди. Инқилобий ўзгаришларнинг учқуни бошқа давлатларга ҳам ёйилиши мумкин эди ва бунга йўл қўйиб бўлмасди. Коалицияга қўшилган ҳукуматлар қўшинлари оқ армия ва унинг генералларига ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Россия ҳудудига кирди. Япония жанговар ҳаракатларни Узоқ Шарқ ва Россиянинг шимолида олиб борарди. Ютаро Тода шу тариқа Архангельскка келиб қолганди.
У каравотида қўзғалиб, кўзини очди ва яқинлаштириб соатига тикилди. Тез орада етти бўлади. Ҳар куни эрталаб соат саккизда полк штабида зобитлар кенгаши ўтказиларди. Полковник Исикура ўтган кун натижаларини умумлаштирар, офицерларни фронтдаги вазият билан таништирар ва бўлғуси кун вазифаларини белгилаб берарди.
Поручик ўрнидан турди ва тезда ўзини тартибга келтира бошлади. Полковник хизматдаги кечикишлар ва интизомсизликни жини суймас, Ютаро Тода буни яхши билар ва белгиланган тартибни бузишни асло ўзига эп кўрмасди.
Шимолий Двина ва Оқ денгиз бўйларидаги қишлоқлар аҳолиси ўзларини азалдан “Поморлар, бошқача айтганда, аждодларининг ҳаёти қадим замонлардан буён денгиз билан боғлиқ одамлар” деб атардилар. Улар балиқчилик билан шуғулланишар, денгиз мушукларини овлашар, бу жониворларни қидириб ўзлари тахтадан ясаган кемаларда Шимолий қутбгача кетиб қолар, денгиз ҳайвонлари сероб бўлган кимсасиз ороллар ва соҳилларни излашарди. Поморлар кучли ва ҳар қандай қийинчиликка кўниккан чапдаст кишилар эди. Улар энг аввало эркин ва озод яшашни афзал кўришар, лекин бунақа ҳаёт кейинги ўн йилликларда тобора камайиб бораётганди. Илгарилари улар келгинди савдогарлар билан савдо қилишар, уларга тузланган балиқ, мўйна, тери, морж суяги ва тишларини сотишарди. Лекин савдогарлар мўмай даромад илинжида қишлоқларда яшаб қолишди, савдо дўконлари очиб, поморларга узоқ-узоқ сафарлари учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини: озиқ-овқат, жиҳозлар, қуроллар ва ўқ-дориларни насияга берадиган бўлишди. Бундан ташқари, ўз маблағларидан кемалар қуриб, уларни балиқчи ва овчилар бригадасига қарзни ўлжа ҳисобидан қоплаш шарти билан ижарага беришганди. Ов доим ҳам омадли бўлавермас, поморлар ўзлари сезмаган ҳолда аста-секин аёвсиз “қармоқ”қа тушиб қолишди. Улар нафақат қарзларини тўлай олмади, балки янада чуқурроқ қарз ботқоғига ботиб, фирибгар савдогарларнинг тобе қулларига айландилар. Подшо гумашталари ҳам улардан бўлар-бўлмас бож ундириб, тинкасини