– Майли. Ўйнаймиз. Лекин…–тилим бундан ортиқ калимага бормайди.
У ҳам гапирмайди. Гапни йиғиштириб қўйган. Жон алфозда ўпишдан бўшамайди. Мен энди буни билиб, тушуниб турибман. Лекин калламни ишлатолмийман. «Бўлар иш бўлди, қўрқма, бу ахир бегона одам эмас, дяд Доник-ку. У менга ёмонлик қилмайди», шу фикргина ўтади хаёлимдан.
Шундан кейин мен ўзимни йўқотиб қўйдим…
Ухлаб қолибман. Бир вақт кўзимни очсам, қуёш тиккада турибди. Ҳалиги жойимда, қуруқ адёл устида ётибман. Кийинтириб қўйибди. Ўртадаги дастурхон ҳам йиғиштирилган. Уям ўз ўрнида донг қотиб ухлаб ётибди.
Базўр ўрнимдан туриб бориб, дарё бўйида ювиндим. Қайтиб келиб жойимда чўнқайиб ўтирганча, юм-юм йиғладим…
У уйғониб кетди, ўрнидан даст бошини кўтариб ёнимга сурилди. Елкамни, бошимни силаган бўлди.
– Ўзингни бос, Тахминочка, – деди у. – Шу ишни билмай қилиб қўйибман. Иккаламиз ҳам маст эканмиз. Мени кечир. Буёғидан хотиржам бўл, ҳаммасига ўзим жавоб бераман. Сен фақат… ўзингни қўлга ол. Аянгга сираям билдира кўрма. Мен билан бамаслаҳат иш тут.
Атоникига зўрға етиб бордим. Ранг-рўйим бир аҳволда, бутун вужудим зирқираб оғрийди, кўнглим хуфтон эди. Аям анча ўзига келган, чой ичиб ўтиришган экан.
– Сенга нима бўлди?! – хавотирланиб сўради аям авзойимни кўриб.
– Ўзим шундай… – дедим. – Мен бирпас дам олмасам бўлмайди. Доник дарров гапни тўғрилаб қўйди:
– Биз борган жойда дам олиш учун шаҳарликлар келишган экан. Мен балиқ ушлаш билан овора, эътибор бермабман. Тахмина янги дугоналар орттириб, кўпроқ коньяк ичиб қўйибди…
Сездим. Аям енгил тортгандек бўлди.
– Тахмина, нега бундай қилдинг?–сўради у мени тергаган бўлиб.–Мен сени Доникка ишониб жўнатувдим. Сен бўлса ўзбошимчалик қилиб, мана…
Мен унга қўл силтаб, ичкарига кириб кетдим. Орқадан Атонинг: «Ҳозир бир коса каклик шўрва ичкизворсак, яна аввалгидек диркиллаб қолади», дегани эшитилди.
Шаҳарга қайтиб келганимдан кейин ҳам Дони мени ҳадеганда тинч қўявермади. У энди уйимизга аямнинг борлигида ҳафтада бир марта, аям эрталаб ишга чиқиб кетгач эса деярли ҳар куни кириб келадиган бўлиб қолди.
У мен учун кўпроқ янаям ноёброқ ва қимматроқ нарсалардан келтирадиган бўлди. Аям бу нарсаларни кўриб ажабланса, Дони унга: «Тахмина энди кўзга кўриниб қолди, сепини ҳозирдан тайёрлаб бормасак, кейин шошилиб қоламиз», деб қўярди. Мен эса жим, дардим ичимда. Ўртада шубҳа пайдо бўлмаслиги учун аямнинг олдида худди аввалги пайтлардагидек эркалаб, беғубор муносабатда бўлар эдим.
IX
Мен Дони билан ўртамиздаги яқинликка бора-бора кўникиб, унга ўрганиб ҳам қолдим. У мени еру кўкка ишонмас, ҳатто жонини фидо қилиб юборишга ҳам тайёрдек эди. Эсимда, ўн беш ёшга тўлган кунимни ресторанда нишонладик. Ўша куни у менга бриллиант кўзли тилла тақинчоқлар комплектини ҳадя қилди. Бу нарса заргарлик магазинида ўша пайтлар ўн минг доллар турар, бу пулга худди ўзиникидақа «Тойота» автомашинасини сотиб олиш