Агар қўрқсам, бир фожедан қўрқаман –
Қай кун бўм-бўш дил билан уйғонишдан.
Жойнамоздек азиз менга оқ қоғоз,
Кўрдим тасбеҳ донасидек ҳар сўзни.
Вужудимга сиғмас ўтдек бир овоз,
Шу оловдир хароб қилган бу кузни.
Сизга шеър керакми? Хотирларимда
Қолган дардни уйғотишдан не ният?
Совуқдан торайган томирларимда
Шундоқ ҳам хўп қуюқ тортди Шеърият!
«Чўққидан шарт учганида бургутлар…»
Чўққидан шарт учганида бургутлар
Тош кўчарми, тирноқ кўчар, қарамас.
Кўкси ичра дард тўлганда йигитлар
Ёш кўчарми, титроқ кўчар, қарамас.
Тошу кўзёшлардан бир савол қолди –
Кўнгил қолди, гарчи кўзим қиймади,
Мен кетдим. Ортимда бир аёл қолди,
Жилмайдими, йиғладими, билмадим.
Тошларни кўзёшдек эритдим аввал,
Сўнг кўзёш тош бўлиб мени ўлдирди.
“Ижро интизоми” деган бир жадвал
Сингари умримни ёлғон тўлдирди.
Муддатдан олдин ўлгиси йўқ эдим,
Тирикман-у, йўқдир жоним қиймати.
Мен-ку илгаритдан эси йўқ эдим,
Дунё ақлин йиғмадими, билмадим.
«Ҳамон бир тўхтамга кела олмайман –…»
Ҳамон бир тўхтамга кела олмайман –
Баҳсдан иборатдек қисматим мангу.
Мен сени мукаммал сева олмайман,
Мен Худомасман-ку, Худомасман-ку!
Ғарқ бўлган кемалар, вайрон саройлар,
Топталган боғлар ҳеч шовқин қилмагай.
Шундоқ жим нурайди мотамсаролар
Ва тақдирни майда талқин қилмагай.
Энди тушундингми: шу улғайган онг,
Шу уйғоқ қалбимга мангу баҳссан-ку –
Намунча ўзингга муҳтож қилмасанг,
Сен Худомассан-ку, Худомассан-ку!
«Биламан, бир фоже кутар олдимда…»
Биламан, бир фоже кутар олдимда
(Шунчасига қўйиб берди Худо ҳам!).
Узр айтиб олай десам олдиндан,
Онамнинг юраги сезгир жуда ҳам.
Мен сўзни ўйнатиб афсунгар бўлдим,
Қанча гапим бор-у, қанча гапим йўқ.
Армонлар, андуҳлар, афсуслар бўлдим,
Аммо ҳечам ҳалол чарчаганим йўқ.
Кимга ёқмоқчийдим ўзи, эй ҳаёт,
Менсиз ҳам ғижим шу тўшакларгами?
Бошимни ёстиқлар кўмдими наҳот,
Менга мавзумиди тўшаклар ғами?
Қизим билан ёшу бўйлари ҳам тенг
Гўдак етимлардан уялдим бугун.
“Ў эркак, кимларнинг пинжида эдинг,
Кимсан сен, кимсан сен?” деёлдим бугун.
Майли, нима кутса кутсин олдимда,
Фақат ортда қолсин ўтмиш – муттаҳам.
Хайрлашиб қўяй десам олдиндан,
Уларнинг юраги қаттиқ жуда ҳам.
«Бир имзо чекмадим манаман деган…»
Бир имзо чекмадим манаман деган,
Сиғмадим умрингга ва ёдингга мен.
Ёмғир ювмайдиган, қор кўммайдиган
Ҳеч из қолдирмадим ҳаётингга мен.
“Сувлоқ кечган каби изим