Гладиолус. Маматқул Хазратқулов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Маматқул Хазратқулов
Издательство: Adabiyot
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
раҳматлик бувисидан эшитганлари – ўтмиш, ғамли, аламли ўтмиш кўз олдига келди. Куй ўша узоқ мозий ҳақида, унинг юракларни силқитувчи дардлари ҳақида йиғлаб, фарёд солиб ҳикоя қиларди. Олисдан, жуда олисдан кимнингдир нолакор, аммо шиддатли, исёнкор, мардона овози чалинди қулоғига:

      Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин,

      Кийди мотам тўнинию, бўлди қадди ҳам дуто.

      Эшик карс очилиб Муҳаббат кирди. Чироқни ёқди. У эрининг бу аҳволда ётганини кўриб қўрқиб кетди.

      – Сизга нима бўлди?

      Бахтиёр гапирмади. Фақат “жим” дегандек қўлини кўтарди-да, радиога ишора қилди. Шундагина Муҳаббат куйни эшитди. У эрига қаради. Қаради-ю унинг кўзларида чироқ нурида ялтираб турган ёш томчиларини кўрди. Бу ҳол уни ҳайкалдек қотириб қўйди. Куй тинди.

      – Сизга ярашмас экан, – деди Муҳаббат оғир тин олиб.

      Бахтиёр индамай ўрнидан турди. Секин келиб хотинини қучоқлади. Юз-кўзларидан ўпди. Бу бўсалар Муҳаббатга ҳаммасидан – тўйдан олдинги ўғринча бўсалардан ҳам қайноқроқ, меҳрлироқ туюлди.

1977 йил

      ГЛАДИОЛУС

      Қуриган, ҳиди йўқ, унутилган гул,

      Китобни очаркан, кўриб қолдим мен.

А.ПУШКИН

      Қабрга тупроқ тортиб бўлинди. Қорининг тиловати ҳам ниҳоясига етди. Ҳамма юзига фотиҳа тортди: Кимдир ҳозиргина тупроққа қўйилган марҳумнинг савол-жавоби осон бўлишини сўради, кимдир ўзининг ота-онасини эслаб, улар ҳақига дуо қилди, кимдир шунчаки юзига фотиҳа тортиб қўя қолди.

      Хуллас, дафн тугаб, ҳамма тарқала бошлади. Кимлардир ўзаро пичирлашиб, баъзилар индамай ерга қараб ўйчан кетмоқда.

      Жалил Ниёзович ҳам кўп қатори бир-бир босиб, жимгина борар, онда-сонда икки тарафдаги қабрларга назар ташлар, аммо қабртошлардаги ёзувларга аҳамият бермас, бутун хаёли ҳозиргина дафн этилган дўсти Акмалда эди: “Қандай бақувват, хушчақчақ одам эди-я… Қаердан йўлиқди бу бало унга. Ўзини жуда эҳтиёт қилиб юрарди-ку. Шу пандемия бошланибдики, уни ниқобсиз кўрмаганман. Ниқоб тақмаган ходимларига, ёри-биродарларига дакки бериб юрарди, раҳматли… Куни битса иложи йўқ экан-да… Аллоҳ раҳматига олсин… Бу коронавирус дегани қанча-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди…”

      Унинг олдида кетаётган икки кишининг суҳбати Жалил Ниёзовичнинг хаёлини бўлди. Улар йўлакнинг бир чеккасига ўтди-да, ўнг томондаги қора мармар қабртошга ишора қилиб, бири иккинчисига деди: “Азиза опаям шу ерга қўйилган экан-да”. Иккинчиси: “Қайси Азиза опа?” Биринчиси: “Жаҳон мусиқасидан дарс берадиган домламиз бор эди-ку, Азиза Эшонхўжаева. Ана, қаранг”. Улар қабр томонга юрди. Жалил Ниёзовичнинг эти жимирлаб кетди, баданига чумоли ўрмалагандай бўлди. “Наҳотки бу ўша Азиза бўлса?” Шу ўй-фикр хаёлини чақмоқдай кесиб ўтди. У ҳам беихтиёр тўхтади. Ҳалиги икки киши чўнқайиб ўтирди-да, тиловат қила бошлади. Жалил Ниёзович ҳам уларга қўшилди. “Аллоҳ раҳмат қилсин”, деди пичирлаб ва юзига фотиҳа тортди. Нотаниш кишилар “Сиз ҳам танирмидингиз?” дегандек Жалил Ниёзовичга юзланди. У “Ҳа, танирдим” деган