Отинг Хумор, ўзинг Хумор, Хуморсан, Гир атрофи учбурчакли туморсан, Ошиқларни кўзинг билан жуморсан, Ёр айланай қалпоқ тиккан қўлингдан.
Жуманбулбулнинг Анорхол деган аёлга бўлган муҳаббати бу достонни ўзгача завқ-шавқ билан ишқ-муҳаббат иқлимида куйлашига сабаб бўлган. Эргаш шоирнинг аччиқ қисмати "бузуқ достон"-(трагик) "Қунтўғмиш"нинг янада теран мазмунда куйланишига, янгиланишига замин яратди.
"Алпомиш", "Гўрўғли" каби мумтоз достонларимиз бахши шоир боболаримизнинг ана шундай илҳомий парвозларининг мевасидир.
Йилқичинда ўзи келган синлидир, Тубишқон туёқли, марол беллидир,
Аросат кунида ажаб холлидир, Қиммат баҳо экан ўзбекнинг оти… Бедов миниб, от абзални шайласанг, Пойга қилиб кўп шумликни ўйласанг, Пойганинг бошида тортиб бойласанг, Ўн беш кун илгари берман ҳайдасанг, Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти…
Халқнинг руҳини, феълини бахши каби яқиндан билгувчи йўқ. Бахши борини рост сўзлайди. Ўзбекнинг оти ўзишини билди, айтди, шундай бўлди.
От достонларимизда улкан тимсол. Бахши шоирларимиз қолдирган улкан хазина ҳам илҳом тулпорининг ёнида кўпириб турибди. Биз бу мерос жиловини қўлга олсак, ҳақ йўлига солсак, ўзбекнинг маънавият тулпори маррага аввал етишига шак-шубҳа йўқ.
Тарихдан маълумки, халқимиз орасида эл юрт озодлиги учун мардоновар курашган шахсларнинг қаҳрамонликлари тиллардан – тилларга ўтиб куйланиши халқ оғзаки ижодининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Болалиқдан ҳар биримиз "Алпомиш", "Равшан", "Рустамхон", "Гўрўғли", "Авазхон", «Кунтўғмиш», "Юсуф ва Зулайхо" каби кўплаб достонларни ўқиганмиз. Улардаги қаҳрамонларнинг мислсиз жасорати, она Ватан, содиқ дўст, вафоли ёрга садоқатию муҳаббатига ҳайрат ва ҳавас билан улғайганмиз. Ўтмишнинг сеҳрли дунёси, аждодларимизнинг буюк заковатидан сўзловчи бу каби халқ достонлари бизни фидойиликка, комилликка чорлаши шубҳасиз. Шу боис ҳам, сўз санъатининг бундай ноёб намуналари асрлар оша яшаб келмоқда.
Айтиш жоизки, ўзбек халқ оғзаки ижодида достонлар азалдан муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг тилдан тилга ўтиб, аждодлардан авлодларга ўтгани, йирик достончилик мактаблари ва устоз шогирд анъаналари шакллангани ҳам айни фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Маълумотларга кўра бундай достончилик мактаблари ХV-XVI асрдан бошлаб вужудга келган. XIX-XX асрлар эса достончилик тараққиётининг