Дилингиздан, айтинг, нелар ўтмаган,
Онам билан кетмон чопган аёллар?
Сочларингиз қорлардан ҳам оқ бугун,
Кўнгил ярим, кўнгил бунча тоқ бугун,
Ўнингиздан тўққизингиз йўқ бугун,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Ёмон ёвдан ҳатто йўлбарс ўкирар,
Битта кетмон бир эркакни чўкирар,
Изингиздан не чаманлар гуркирар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Бир ўғилмиз, мингта ўғил, хўш нима,
Кўрмаганмиз бизлар ахир қўш нима,
Гоҳо ойлаб кўрмаганлар гўшт нима,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Сиз Ватаннинг юзидаги ёғдуси,
Сиз Тангрининг тўкилмаган туйғуси,
Кетмон бетин куйдирган гоҳ қайғуси,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
Шойи сотиб алп йигитлар шод келар,
Маҳмуд каби кўп шоирлар мот келар,
Дил тубидан билмам қандай дод келар,
Онам билан кетмон чопган аёллар.
ҚАЙТАЙИН
Тишлатмангиз тилимни,
Билганимни айтайин.
Кўнглингизнинг кўзини
Кўргим келса, қайтайин.
Деманг буни нолиш-да,
Офтоб мендан олисда.
Бахт балқиган болишда,
Бўлгим келса, қайтайин.
Ғунчанинг ҳайронлиғин,
Булбул дил вайронлиғин,
Манов сут айронлиғин,
Сизга қандоқ айтайин?
Кўҳна тоғлар чўкмасми,
Арча хазон тўкмасми,
Қувонч ғамдан қўрқмасми,
Билгим келса, қайтайин.
Чақмоқдаги чиройни,
Ҳеч доғи йўқ бир ойни,
Кўзлари тўқ гадойни,
Кўргим келса, қайтайин.
Қўл тафтини қўл билар,
Қор қақшаса, дўл бўлар,
Шоир бунча гўл бўлар,
Кулгим келса, қайтайин,
Билгим келса, қайтайин.
ОРИЯТ УСТУНИ ЭДИ
«Озод Шарофиддинов дунёдан ўтибди!» Бу совуқ хабар бир зумда қалбларни қалқитиб, юракларни чақмоқдек тилиб ўтди. Назаримда, Ўзбекистонимизнинг энг чекка қишлоқларида истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз дилидан ҳам «Озод Шарофиддинов ким эди?» деган савол ўтгани йўқ. Озод акани ҳамма биларди, танирди, ҳурмат қиларди. Чунки Озод ака том маънода халқ фарзанди эди. Озод акани зангори экранда кўрганлар ҳақиқатнинг овозини эшитгандек бўларди. У кишидан фақат одилликни, ёлғон яшамасликни, оддий халқ дардига шерик бўлишни, Ватанга муҳаббатни, китобга муҳаббатни ўрганиш мумкин эди.
Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳордек буюк алломалар кўзига қараб рост сўзни айтолган Озод Шарофиддиновнинг сўзи бошқа ҳар қандай шоир ёки ёзувчи томонидан қонундай қабул қилинарди. Чунки бир қарашда содда кўринган бу инсоннинг тафаккур тиғи қиличдек кескир эди. Агар Озод ака кечирмаса сохталикни, ёлғонни кечирмасди.
Мен олий ўқув юртида шу инсондан сабоқ олганимдан, Миртемир домланинг «Излаганим» тўпламига ёзган диплом ишимга раҳбар бўлганидан, у кишининг тавсияси билан шоир Миразиз Аъзамнинг «Севаман» шеърий тўпламига ёзган илк тақризим «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилганидан учиб юрган