АСАРЛАР (II жилд). Сирожиддин Саййид. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Сирожиддин Саййид
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-873-9
Скачать книгу
сақланг уни,

      Сизнинг гўзал мулкингиздир, асранг уни.

1991

      «Мен демасман бағри куйган, доғ бўл…»

      Мен демасман бағри куйган, доғ бўл,

      Не буюрса матлабинг, андоқ бўл.

      Ер бўлиб мен, кимсалар том қилсалар,

      Сен шу томга лолақизғалдоқ бўл.

1991

      «Қандай яхши эди кунларим…»

      Қандай яхши эди кунларим!..

      Сеҳру соғинч тўккан кечалар,

      Ойни соғиб ичган тепалар,

      Қандай ойдин эди шарпалар,

      Қандай гўзал эди тунларим!

      Ҳижронлардан йироқ тоқатим,

      Чеҳраларга хушҳол боқардим.

      Гул ва шабнам эди овқатим,

      Қандай гўзал эди гулларим!

1991

      «Қайсидир зулфни макон этмоқчи дил…»

      Қайсидир зулфни макон этмоқчи дил,

      Мени зору нотавон этмоқчи дил.

      Бир умр қўлдин чиқиб кетмоқчи дил,

      Сиз бу дилни ушбу йўлдан айнатинг.

      Руҳ айёмидадир ёшлиғларим,

      Ҳеч ярашмайдир бу бебошлиғларим,

      Бошим узра, эй қаламқошлиғларим,

      Сиз қошингиздан қиличлар ўйнатинг.

      Не қаро кунлар келибдир моҳима.

      Қўюбон қумғонлар ўтлуғ оҳима,

      Ғамларимдин сўйлашиб, атрофима

      Ўлтуруб, кўксумда чойлар қайнатинг.

1991

      «Эй паривашлар, димоғдор келдингиз…»

      Эй паривашлар, димоғдор келдингиз,

      Бунча ғаддор, бунча дилдор келдингиз.

      Бунда нозик тортадир жон риштаси,

      Сиз дағи кокиллари дор келдингиз.

      Ишқ ўтидин беомонлиғ бундадир,

      Сарғаришлар ҳам хазонлиғ бундадир,

      Қанчалар ранги сомонлиғ бундадир,

      Сиз эса рангин ва гулдор келдингиз.

      Жон базм айлар ҳазин шамлар билан,

      Сиз келурсиз ғам уза ғамлар билан.

      Тўлди дил яфроғи шабнамлар билан,

      Сиз қачон бундин хабардор келдингиз?

      Жисм аро пайдодурур ўтлуғ алам,

      Қўлга олсам, буткул ўт олғай қалам.

      Эй балою ғам, эй ранжу ситам,

      Шул йигит ёшимда бекор келдингиз.

1991

      ПЕШОНА ХУСУСИДА

      Бу дунёда бир китоб бор, ўқий олмайман,

      Унга дилга яқин якун тўқий олмайман.

      Менинг умрий ёзмишларим унда жамланган,

      Фаслларим бир варақда мужассамланган.

      Қанча хорлиғ кўргум бордир, қанча зорлиғлар,

      Қанча ғурбат, айрилиқлар, қанча ёрлиғлар,

      Бари шунда битилгандир яхлит сарбасар,

      Шулдир асли дунёда энг мухтасар асар.

      Унга сабру бардош бермоқ хўб амал эрур,

      Чунки у ҳар жиҳатдан ҳам мукаммал эрур.

      Хато бўлмас унда асло, бўлмас камчилик,

      Ўзгармайди ўзгартирмоқ бўлсанг қанчалик.

      Гоҳи нурсиз, гоҳи порлоқ, рахшонам менинг,

      Қийин китоб, оғир китоб пешонам менинг.

      Дўстим, сенга пешонамас, кошона берди,

      Менга эса, шундай мушкул пешона берди.

      Туғилмасдан мен шундайин хатларга тушдим,

      Илоҳ ўзи амр этган ўтларга тушдим.

      Эй