Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-895-1
Скачать книгу
айланди. Беморнинг жони узилди. Бир ўзи, яқинларига бир оғиз сўз айтолмай, эҳтимол беҳуш ҳолида жон берди. Жағини, оёқларини боғловчи яқинлари ҳам йўқ… Худди етимчадай, худди мусофирдай. Балки деворнинг нарёғида, даҳлизда жигарлари бу онда Аллоҳга илтижо қилиб унга шифо тилашаётгандир. Шифохоналарнинг тартиб-интизомига қарши сўз айтишга ҳуқуқим йўқ. Лекин эшик ортида яқинлари тургани ҳолда одамнинг бундай ўлим топиши адолатдан эмасдир. Тонгга қадар яқинлари айрилиқдан бехабар, умид билан ўтирадилар.

      Ярим кеча, навбатчи врач ҳам, ҳамширалар ҳам уйқуда. Ёш ўзбек ҳамширасигина уйғоқ. “Ўликни кўриб қўрқиб кетармикин?” деб ўйладим. Йўқ, кўринишида қўрқув сезилмади. Менинг уйғоқлигимни кўриб, ўликни кўрмаслигим учун тўсиқ парда қўйди. Кейин ўликнинг билак томирига санчилган эм игнасини олди. Тепасига оқ чойшаб ёпгач, навбатчи врачни уйғотди. Бу ҳамшира қизнинг жасоратига қойил қолдим.

      Бировлар мурдадан қўрқарлар, ажаб!

      Қўрқмоқ керак,

      ўлик қалблардан.

      Мен ўша томон қараб ётиб, марҳум дўстим Абдужалил Зокировни эслайман. Бир неча ой муқаддам у ҳам шундай ҳолатда жон берган эди. Абдужалил билан дорулфунунда бирга ўқиганман, узоқ йиллар мобайнида матбуот соҳасида ҳамкасб эдик. Ғоят содда, кўнгли покиза, вафоли дўст эди. “Шайтанат”ни ўқиган ё кўрганлар Жалилни эслашар. Бу образда икки дўстимнинг ҳаёти, феъли атвори, гапларидан фойдаланганман. Бири – Абдужалил, унинг исмини ўзгартирмаганман, ундан кўпроқ олганман, иккинчиси – Тўра, қўшним, синфдошим. Қўли ширин ошпаз, аммо ҳақиқатпарвар, дангалчи, тилини заҳар дейдиганлар бор. Чунки ҳамиша тўғрисини гапиради. Кўнглида кири йўқ. Себзор маҳалласида яшовчи Абдужалил Ёдгор Саъдиев билан қўшни, ҳамда бир синфда ўқиган экан. Шу сабабли Хайрулла Саъдиев бу образга қизиқиб, кино юзига олиб чиқдилар. Китобдаги Абдужалилнинг уйини ҳаётдаги Абдужалилнинг уйида суратга олишган. Раҳматли дўстим дастлабки олти қисмини кўриб, “Ҳа, боплабсанлар”, деб қўйган эди. Телефондаги охирги суҳбатимизда шундай деб эди…

      Яна бир дўстим, синфдошим – Дилмурод Муҳамедов, тиббиёт фанлари доктори, профессор ҳам ёлғизликда жон бериб эди. Лекин бундай муолажа чоғида эмас. Ўз хонасида, юрак хуружи юлиб олибди уни ҳаётдан. Минглаб беморларга ёрдамга етиб келган шифокорга ҳеч ким ёрдам бера олмаган…

      “Реанимация” аталмиш кенг хона тўрида ҳозиргина ҳаракатдан тўхтаган юрак зарбини акс эттирувчи экрандаги тўғри чизиққа қараб ётиб бу дўстларимни бир-бир эсладим. Гарчи, каминада назм ёзмоққа лаёқат бўлмаса-да, ғалати сатрлар қуйилиб келаверди. Менда назм ёзмоққа ҳам, ёд олмоққа ҳам қобилият йўқлигини кўпчилик билади. Лекин ўша тун шеърга ўхшаган сатрлар қуйилиб келаверди, ажабки, ёзмоққа имконият йўқлиги учунми, хотирамга михланди. Уни кейинроқ, шифохонадан чиққач, қоғозга тушириб қўйдим.

      Қуёш бир хил нур сочаверар,

      Айланаверар экан Ер ҳам бир хилда,

      Дўстлар вафот этиб кетса ҳам.

      Бунча қаҳрли экан бу йил,

      Бунча очофат экан

      Мурдаларга тўймаган бу ер.

      Бир-бирин танимасди