бериш чоғидаги руҳ азоби не қадар бўлганини ҳозир ёшларга тушунтириб бера олмайман. Бир нарсани айтишим мумкин: сиёсий мақола билан овора бўлган кунларим ижод билан шуғуллана олмас эдим. Лекин ёқимсиз нарсадан ҳам фойда олиш йўлларини излардим. Пахтакорларнинг суғоришда Чуст усули “кашф” қилганларини ўрганишга ёки Пахтачидаги “ҳосил байрами”га борганимда таҳририят вазифасини шунчаки бажариб қайтмас эдим. Халқнинг аҳволини ўрганишга, дардини ҳис қилишга интилардим. Баъзилар “фантаст ёзувчи учун бу ўрганишнинг қандай нафи бор?” дейиши мумкин. Тўғри, адабиётшунослар тили билан айтганда мен “фантаст” эдим, лекин бошқалар каби коинотда учиб юрмасдим. Марсда
(Миррихда) ҳаёт бўлганми ё йўқми, мен учун аҳамиятсиз гап эди. Каминани Она Замин дарди қизиқтирарди. Леонид Брежневнинг “Оқ олтинни олтин қўллар яратади”, деган сўзлари шиорга айланганди. Дабдаба нуқтаи назаридан дуруст гап. Ҳақиқат юзасидан эса, ўзбек деҳқони ғўзаларни юрак қони билан суғориб, Москванинг нафсини қондириш учун миллион-миллион тонналаб пахта уярди. Сафар чоғлари ҳаётни кузатиб, одамларимизнинг соддалик чегарасидан чиқиб, қулликка тушиб қолганларини англамаётганларидан кўнглим оғрирди. Нажот йўли борми ё йўқлиги хусусида ўйлаб, ўйимга етолмасдим. Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кўнгил, сен бунчалар нега кишанлар билан дўстлашдинг, на фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунчалар сустлашдинг”, сатрлари юрагимни тирнарди. Кўп ижодкорлар, зиёлилар каби каминада ҳам қалб фарёди бор эди. Аммо нажот йўли кўринмасди. Бир бечоранинг аламли аҳволини кўриш оғир, унга ёрдам бера олмаслик фожиаси руҳни эзиб ташлайди.
Мен хаёлан кўраман хирмонларнинг ортидан,
Тонгги бўсадан кечган келинларнинг жамолин.
Арслон қайтмас изидан, ўғил бола – шартидан,
Этик ечмай сув кечган куёвларнинг камолин
(Анвар Эшоновдан). 1977 йил Совет Иттифоқида катта байрам, тантана йили – биз ҳозир “Ўктабрь тўнтариши” деб атаётган, у дамда “Улуғ Октябрь Социалистик революцияси” дейилган сананинг 60 йиллик тўйи. Байрам ноябрь ойида нишонланса-да, тайёргарлик Янги йилнинг биринчи куниданоқ бошланган. Деҳқонлар, ишчилар зиммаларига оширилган мажбуриятлар олган, адабиёт, рассомлик, театр, кино… соҳасида турли кўриклар эълон қилинган… (Ҳатто сиёсатни тан олмайдиган Маҳмуд Саъдинов ҳам “Байрам сони учун шеър ёзиб беришни қайси шоирдан илтимос қилсам экан”, деб бош қотира бошлаган кезлар…) Пахтачиликда ҳар йили қандайдир янгилик, ташаббус пайдо бўларди. Мухбирларнинг йил бўйи ёзган “тасанно”лари дуо ўрнига ўтармиди, ҳар ҳолда ташаббускор одам мавсум охирида қаҳрамонлик унвони билан шарафланарди. Байрам арафасида Сирдарёда шундай деҳқон пайдо бўлди. Минг тонна пахта терувчининг иши пуч экани журнал саҳифасида исбот этилгач, бунақа ясама қаҳрамонларга кўпам аҳамият бермай қўйгандик. Шунинг учун сирдарёлик пахтакорнинг қўшқаторда пахта экишига дастлаб аҳамият бермадик. Уни шарафлаш режамизда