Уруш чеченлар яшайдиган қишлоқлардан узоқроқда бўлса ҳам унинг нафаси уфуриб турарди. Қишлоққа қорахатлар билан билан бирга нохуш миш-мишлар ҳам етиб келарди. Миш-мишлар оқибатида ҳақиқатга айланиб бутун қишлоқ бир кечада иссиқ уйлардан ҳайдаб чиқилди. Бир ҳафта бурун Зелихонларникига қорахат келиб аза очилган эди. Олти ёшга тўлган бола дам онасига қўшилиб йиғларди, дам бобосига қўшилиб қўлини фотиҳага очарди. У нима учун аза очилганини тушунди – отасини фашистлар ўлдирган. Энди қотилларни кечириш мутлақо мумкин эмас! Зелихон – энди хунхўр! Томирларида чечен қони оқаётган олти ёшли бола аждодлар қонунини биларди. Унга на онаси, на бобоси “ўч ол!” деди. Бу гапни унинг юраги айтарди. Шунга ақли етган бола нима учун уйқудан уйғонишганини, иккита тугунни орқалаб тун бўйи йўл юришганини, сўнг поездга чиқишганини билмади. Биров “фашистлар яқин келиб қолишибди, бизни асрашяпти”, деди. Бундан Зелихон ажабланди: фашистлар яқин келса яхши-ку! Ўч олиш имкони туғилган экан-ку?! Яна биров: “Ичимиздан сотқин чиқибди, ҳаммамиз шунинг касофатига қолибмиз”, деди. Зелихон бунга ҳам ажабланди: қанақа сотқин, нимани сотади, қишлоқда сотиладиган нима бор?..
Узун кечалар йўл юриб, ниҳоят бир қишлоқдан паноҳ топишди. Унинг кўнгли, кўзлари тоғларга, чўққиларга ўрганган эди. Бу қишлоқ тоғдан анча узоқ экан. Аммо бобоси ҳам, онаси ҳам шукр қилдилар. Бир деҳқон уйининг ярмини бўшатиб берди. Девор ўрнига эски шолча тортиб яшайверишди. Етти ёт бегонага ҳам мурувват кўрсатувчи имонли одамларга учратгани учун бобоси Аллоҳга шукрлар қилди. Яхшиям, бобоси туркчани биларди, бўлмаса кунлари имо-ишора