Латте омили. Джон Дэвид Манн. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Джон Дэвид Манн
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-223-5
Скачать книгу
Жаҳон савдо маркази ғарбий яримшардаги энг баланд бино ҳисобланади. Зоининг кундалик саёҳати мана шу ерда якун топади. У шу жойда тўхташни ва бошини орқага ташлаганча кўкка бўй чўзган улкан миноранинг чўққисини кўришга уриниб, юқорига қарашни ёқтирарди.

      Бироқ бугун унинг фикру зикри бошқа жойда эди.

      Қаерга кетаётганингизни билмасангиз, борадиган манзилингизни ёқтирмаслигингиз эҳтимоли катта.

      Бу қандайдир реклама эди. Суғурта ёки автомобиль компанияси рекламасими ёки саёҳат иловасими, у аниқ эслай олмади. Жессиканинг бу реклама шиорига алоқаси йўқмикин? Тасвир нимани реклама қилганидан қатъи назар, қизнинг назарида бу Жессиканинг аккаунтларидан биридек туюлди. Аммо мана шу тонгда у қандайдир айнан Зоига қаратилган шахсий хабарга ўхшарди. Бу нарса унинг ичэтини кемирди.

      Худди хаёлидан чиқара олмаган анави фотосурат сингари.

      Тўсатдан Зои чап қўлида латте борлигини эслади ва ундан бир қултум ҳўплади. Қаҳва аллақачон совиб қолган экан.

      Одатда Зои бу пайтга келиб, кўчани кесиб ўтади ва бинога кириб, лифтда ўзининг офиси жойлашган ўттиз учинчи қаватга чиқади. Бугун у доимги йўлидан чалғиди. Ғарбий кўчани кесиб ўтгач, кескин ўнгга бурилиб Жаҳон савдо марказидан узоқлашди ва юзасида бинолар аксланаётган улкан квадрат шаклидаги иккита ҳовуз фаввора томон юрди. Бу фавворалар айнан Эгизак миноралар жойлашган майдонда қурилган ва сон-саноқсиз номлар қатор қилиб ўйиб ёзилган қора мармар девор билан ўралганди.

      9/11 ёдгорлиги.

      Зои шимолий ҳовуз ёнида тўхтади ва мавжланаётган сувга қаради. Мармар юзасини пайпаслаб, биринчи ўнта исмни ўқиди. Исмлар шу қадар кўп эди. 2001 йилнинг ўша машъум сентябрь ойида бу ерда минглаб одамлар ҳалок бўлганди. У пайтлар Зои ҳали мактабда ўқирди. У бир квартал нарида осмонўпар бинолар орасидан кўриниб турган “Окулус” биносининг қовурғасимон қанотларига қаради.

      Нега бугун ҳамма нарса унинг кўзига бошқача кўриняпти?

      Қаерга кетаётганингизни билмасангиз, борадиган манзилингизни ёқтирмаслигингиз эҳтимоли катта.

      Аслида, Зои қаерга кетяпти? У қаерда бўлишни кутганди?

      У аввал бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрганми?

      Шу атрофда юрган одам бир сонияга тўхтаб, билагидаги соатига қаради ва шошилганча йўлида давом этди. Зои жойидан қўзғалди. У ишига кечикаётганди.

      Жаҳон савдо марказидаги офис томон юрмоқчи бўлди, лекин яна нимадир уни турган жойида ушлаб қолди. Бунинг ўрнига қиз қўлида совуқ латтени тутганча яқин атрофдаги бетон скамейка ёнига бориб, унга ўтирди. Атрофида сайёҳлар, йўловчилар ва маҳаллий аҳоли оқими ўтиб борарди. Зои ўзига ўзи секингина деди:

      “Ҳаётимни нималар қиляпман ўзи?”

      2-БОБ

      ФОТОСУРАТ

      Зои ҳар душанба кунларида бўлгани каби ўттиз учинчи қаватдаги лифтдан чиқиши биланоқ иш жойига етиб келди. Келаётган жума журналнинг баҳорги сонини чиқариш учун белгиланган охирги муддат эди. Шунинг учун ҳам бутун офис жонини жабборга бериб ишлаётганди.