Иқтисодиёт қўлимизга кучли (ҳар доим ҳам мураккаб бўлмайдиган) таҳлил этиш воситаларини тутқазади. Бу воситалардан ҳодисаларнинг сабабларини изоҳлаш учун фойдаланиш мумкин. Шунингдек, улар атрофга назар солиб, дунёни тушунишда ва йирик сиёсий ўзгаришларнинг оқибатларини олдиндан башорат қилишда ҳам ишлатилади. Иқтисодиёт худди тортишиш кучига ўхшайди: бепарво бўлсангиз, бошингизга олма тушиши тайин.
“Lehman Brothers” сармоя банкининг муваффақиятсизликка учраши иқтисодий инқирозга сабаб бўлди ва банк 2008 йил 15 сентябрда ўзининг банкротликка учраганини эълон қилди. Катта депрессиядан кейин энг улкан зарар келтирган иқтисодий инқироз мана шу бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Бу қандай содир бўлди? Қандай қилиб ўз фаровонлигини таъминлаш йўлларини яхши тушуниши лозим бўлган кўплаб мижозлар уй-жой бозоридаги “пуфак”6 ёрилиб кетишининг қурбони бўлди? Уларга қарз берган тентаклар ким экан? Нима учун “Wall Street” таъминланган қарз облигациялари ҳамда дефолт свопларини яратди ва нима сабабдан улар молия тизими учун ғоят хатарли бўлиб чиқди?
Иккинчи бўлимда беэътибор хатти-ҳаракатлар иқтисодий инқирозга етаклашини тизимдаги рағбатларнинг хусусиятларига қараб олдиндан билиш мумкинлиги батафсил ҳикоя қилинади. Ипотека брокерлари нима учун бемулоҳазалик билан жуда кўп қарз бериб юборди? Чунки пуллар ўзлариники эмасди! Пулларни қарз берувчи банклар комиссия асосида тўлаган. Ипотека қарзлари қанча кўп ва йирик бўлса, брокерларнинг фоиз бўйича даромадлари ҳам шунча кўп бўлади.
Савол туғилади: банклар нима учун ўз капиталининг катта қисмини ишлатишда таваккал қилишга тайёр эди? (Айниқса, уларга мижоз топиб келган ипотекачи брокерларнинг мотивациясини ҳисобга олсак.) Чунки банклар одатда ўз ипотекаларининг асосий қисмини “сотишади”, яъни бирорта сармоядордан у келажакдаги ипотека тўловларидан келадиган даромадни эгаллаши эвазига катта миқдорда нақд пул олишади. (Бу коптокни шерикларига тез узатиб, ўйналадиган “Иссиқ картошка” ўйинига ўхшайди. Фақат бу ерда копток ўрнида қарз бўлади. Сиз кимгадир берган қарз қанчалик йирик бўлишига қарамай, қарздор касодга учрамасидан аввал қарз берувчи мақомини бошқа бировнинг номига ўтказишга улгуришингиз керак.)
Хўш, бундай қарзларни ким ҳам сотиб оларди? Иккинчи боб худди шу ҳақида. Ҳозирча жавобнинг учини чиқараман: “Wall Street” ҳам бунга аралашади ва бу яхшилик билан тугамайди.
Буларни ёзар эканман, иқтисодиёт соҳасида баъзи масалаларни қайта кўриб чиқиш бўйича тадқиқотлар ҳали-ҳануз давом этаётганини тан олишим керак. Иқтисодий инқироз юз бергач, сабаблари қанчалик равшан бўлмасин, камдан-кам иқтисодчилар буни олдиндан башорат қилишган. Аслида, инқироз қанчалик даҳшатли бўлишини ҳеч ким олдиндан айтолмаганди. 2005 йилнинг кузида атоқли иқтисодчилар нуфузли журналларда: “2004