У чиқиб кетгач Ибрат бутунлай бошқача бир меҳр билан уй ичидаги камбағалгина, лекин бари соддагина буюмларга, гиламларга, тўшалган топ-тоза кўрпачаларга, дастурхонга – ҳаммасига кўз югуртирди. Буларнинг барига Хатиранинг қўли теккан ахир. Ҳозир эса у кириб келади. Қандай бўларкин!!!
Бу вақтда икки халта юк кўтариб келаётган Хатира опасини узоқдан кўрган қўшниси, олти-етти ёшли Олим югуриб борди:
– Беринг, Хатира опа, кўтаришиб бораман.
– Мана бунисини олақол, сал енгилроқ.
– Хатира опа, ҳалиги сизларникига чиройли кийинган катта одамлар келишди.
– Кимлар дединг?
– Ҳалиги… Кўзойнак таққан каттакон одамлар, уларни танимадим.
– Нега келишибди, ҳа-я, балки Ҳикмат отанинг танишларидир. Улар ҳозир ҳам шу ердами?
– Иккитаси кетди, биттаси уйда ўтирибди.
Хатира алланарсани сезгандек тўхтаб қолди.
– Олимжон, унинг кўриниши қандай?
– Баланд бўйли, чиройли одам, қора костюмли.
– Менга қара, мана бу сумкаларни ол-да, уйга элтиб қўй, – кўзлари безовта шошилиб деди у.
– Нега, сиз бормайсизми?
– Йўқ, мен кейинроқ кирарман. Ўша меҳмон кетгандан кейин, илтимос сендан, бора қол!
– Хўп, – бола оғир сумкаларни аранг судраганча эшикни очди.
Бу вақтда Хатира тоғ томонга, қуюқ арчалар бағрига яширинишни хоҳлаганидан улар томон интиларди.
У шохлари тарвақайлаган арча панасидан минг ҳадик ва изтироб, соғинч ва армон билан узоқдаги эшикка тикиларди. “Бу Ибрат, ҳа, ҳа, Ибрат!.. Энди нима қилдим. Шу аҳволда қандай кўринаман унга, нима дейман. У мени аллақачон унутишимни истаётгандир. У албатта менга ачиниш билан қарайди. Юрагида бир вақт илдиз отган ёшлик муҳаббати аллақачон ўтиб кетган, энди уни ҳеч ҳам қайтаролмайди. Магазинда кўргани ёш ва гўзал қиз унинг қайлиғи ва у бахтиёр. Мен эса унга ҳеч қачон халақит қилмасликка, кўринмасликка онт ичганман. Юрагимга энг яқин одамим мени ғариб, нотавон ва ожиз ҳолда кўришини ҳеч қачон истамайман. Лекин… Оҳ… узоқдан бўлсаям уни яна бир кўрсайдим, биргина, яна бир марта…”
Эшикнинг “ғийқ” этиб очилганидан Ибрат чўчиб тушди. Бор вужуди қулоққа айланиб, гандираклаб ўрнидан турди ва остонада кичкина болани кўрди. Бола унга салом бергач, эҳтиётлаб сумкаларни секин бурчакка қўйди.
– Яна ким бор, – Ибрат минг ҳаяжон билан айвонга чикди, ҳеч ким йўқлигидан ҳайрон бўлиб болага қаради.
– Ҳеч ким.
– Отинг нима, болакай?
– Олим.
– Олимжон, чиройли исминг бор экан. Бу халталарни ўзинг олиб келдингми?
– Йўқ, Хатира опамники. Мен уларга кўтаришиб келдим.
– Ўзи қани!
– Билмадим. Сизларникида меҳмон бор дейишим билан сумкаларни элтиб қўйишимни сўради-ю, кетиб қолди.
– Қайси томонга?
Бола қиз кетган томонни кўрсатди.
– Ҳув