Қояларда қолган болалик. Рисбек Омонов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Рисбек Омонов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-8932-2-1
Скачать книгу
ўтганини ҳали-ҳануз ҳеч тушуниб етмадим. “Ўғлим шундай шароитда вояга етса қандай инсон бўлади? Бир ўзи тоғда яшайдими? Ёки жамиятга, инсонларга қандай қўшилади? Одамлар билан қандай мулоқот қилади? Ярим ёввоий шароитда вояга етган инсон жамият ҳаётига кўника оладими? Унинг ҳаётга бўлган қараши қандай бўлади?” Бу саволлар отамни ҳеч ўйлатганмикан?! Бу нарсаларни ўйлаб мен ҳали ҳам тушуна олмайман. Ҳа, бунинг ҳаммасига балким отам тирик бўлганида жавоб топган бўлармидим?

      Энди асл ёшлигимга қайтсак. Қиш пайтида ҳеч қаёққа чиқмас эдик. Қор жуда қалин бўлгани учун юриш қийин бўлар эди. Қиши билан фақат ҳожатга ва сув олишга чиқар эдик. Ертўламизга яқин 20 метрча жойдан сув оқиб ўтар эди. Кунлар совуқ, чўмилишга шароит йўқ. Натижада қиши билан бир жойда ётавергандан кейин одамни сирка босиб, битлаб кетар экан.

      Кундуз унча билинмас эди-ю, лекин кечаси билан тинмай қашиниб чиқар эдим. Буни кўрган отам дарров оловни баланд ёқиб, менинг кийимларимни ечиб олиб оловга бироз тутиб турар эди-да , қизигандан кейин қаттиқ силкитса, иссиқ таъсирида битлар патир-путур қилиб оловга тушиб, куйиб кетар эди. Отам ҳам ўзининг кийимларини шундай қилар эди. Ана шундан кейин икки-уч кун жонимиз кириб, тинч ухлар эдик. 3–4 кун ўтгач яна сиркалар битга айланиб, яна безовта қиларди. Сочимни эса қашлаб, қийналиб кетмасин деб қайчи билан тақирлаб олиб ташлар эди. Ҳадеб кийим алмаштириш учун кийимнинг ўзи кам бўлган. Шу алфозда бир амаллаб қишдан чиқиб олардик. Қиш ўтиб кун исигандан кейин ювиниб, тозаланиб олардик. Мана шундай машаққатли ҳамда ўзимизча қизиқарли ҳаётда олти қиш яшадик.

      Мен ҳам анча эсимни таний бошладим. Бир куни отам мени олиб, тоғ этагида жойлашган Намданак қишлоғига бордик. Кўчада ўтиб кета туриб қарасак, бир хонадонда тўй бўлаётган экан, яъни суннат тўй. Бизни ҳам ичкарига таклиф қилишди. Биз кирганимизда эндигина уч нафар болани суннат қилиб бўлишган экан. Отам уста билан кўришиб, ундан менинг ҳам қўлимни ҳалоллаб қўйишини илтимос қилди. Уста ҳам бунга рози бўлиб, мени ҳам суннат қилиб қўйди. Кейин бизни ҳам ҳамма қатори ошга таклиф этишди. Отам “Майли, раҳмат, биз тезроқ борайлик”, – деб ош ейишга ўтиргиси келмади. Лекин хонадон эгаси “Э отахон, ёшингиз улуғ экан, хонадонимизга бир келибсиз, мана ўғилларимизни суннат қилдик, ҳа, энди бир чўқум ош еб, бир дуо қилиб кетарсиз”, – дегандан кейин отам йўқ дея олмади. Ошга ўтирдик. Одамлар эса бизни кўриб ҳайрон бўлгандай отамга ҳар хил саволлар бера бошлашди.

      – Отахон қаерда яшайсизлар?

      – Отахон оилангиз борми ўзи?

      – Бошқа болаларингиз ҳам борми?

      – Нега ёлғиз ўзингиз болани кўтариб юрибсиз?

      – Уйингиз, аёлингиз борми?

      Шунга ўхшаш ҳар хил саволлар. Отам нимадандир чўчигандай, ҳадиксираб, хоҳлар-хоҳламас қисқача жавоб бериб, ошни ҳам чала еб, мени кўтариб, яна тоғлар орасига равона бўлдик. Менинг суннат тўйим ана шу тарзда бўлиб ўтган.

      Шу куни мен ҳаётимда биринчи бор кўп одамларни кўрдим. Биринчи бор карнай-сурнай овозини эшитдим. Илк бор