МЕН БОРМАН, ҲАЁТ. Г. Жамилова. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Г. Жамилова
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-977-4
Скачать книгу
йўл юрарди. Йўл юрса-да мўл юрарди.

      Иккинчи йўловчи ҳикоясини бошлади:

      – Қаҳатчилик йиллари экан. Бир аёл супрасидаги охирги унни қоқиб олиб, кулча ёпибди. Бир пайт ит ҳуриб, дарвозада опасининг қораси кўринибди. Аёл иссиқ кулчаларни тезгина камзули ичига беркитибди. Опа келиб сўрашибди. Нон исини туйибди. Сезибди. Индамай ортига бурилибди. Дарвозадан чиқаётиб:

      “Эҳ, бу кунлар ўтар-кетар. Баданинг куйгани қолар синглим. Хуш қол…” дебди.

      Эшитгувчилар деди: – У йилларда бир бурда нон ҳар нарсадан кўра азизроқ эди-да.

      Сен билан Мен у кунларни кўрмаганмиз. Бу кун дастурхонлар мўл. Кўзлар тўқ. Кўнгиллар тўқ. Ана шу мўл-кўлликни тавоф этайлик.

      Тўкинликни олқишлайлик.

* * *

      Учинчи йўловчи ҳикоя бошлади:

      – Қадимда улкан дарёнинг бўйида аҳилу иноқ бир эл яшаркан. Одамлари бири-бирига ардоқли, азиз экан. Минг йиллар ўтиб, шу юрт тупроғига душман оралабди. Тирик жон борки, қиличдан ўтказилиб, макону масканлар кули кўкка совурилибди. Тасодифан тирик қолган бир аёл чақалоғини бешикка белаб, сўнг дарёга оқизибди. Кейин шамолга ёлворибди: “Сен уни тинч-осуда жойларга етказ. Унинг томирида диёнатли бир халқнинг қони оқаётир!”

      Шамол бешикни оҳистагина илгарига сурибди. Аёл кўнгли тинчибди. Шунда ортидан овоз эшитилибди: “Биз сени ўлдирмаймиз, яқинроқ кел…” Аёл ўгирилса, кўзи душманнинг суқли нигоҳига тушибди. Фаҳмлабди. “Э воҳ, мен ҳозир тирик қолиб, сўнг душман уруғини кўпайтириб берсам, бегуноҳ юртдошларим қони тўкилган ер мендан гина қилмасми? Йўқ! Шундай қилайки, ҳоким шу азиз тупроқда қолсин!” Аёл шамолдай югуриб ўзини дарёнинг энг чуқур жойига отибди…

      Эшитгувчилар деди: – Ажаб ҳикоят экан. Азиз юрти учун ўзини қурбон қилганлар ёди қалблардан асло ўчмагай, улар ҳақидаги ривоятлар тилдан-тилга ўтиб, авлодларни ҳамиша ҳушёр торттириб тургай.

      Сен билан Мен шу эркли диёрда бахтиёр умр кечиряпмиз. Юрт озодлиги кўзларимизга тўтиё, қалбларимизни ёритгувчи шамчироқдир. Гўзал Ватан сувратини юрагимиз ичига жойлайлик. У билан ғурурланайлик.

      Озодликни олқишлайлик.

* * *

      Тўртинчи йўловчи айтди: – Уруш бошланган кезлари бобом уч ўғлини жўнатиб, сўнг ўзлари ҳам урушга кетган. Тўнғич ўғил кетаётганида ҳали чилласи чиқмаган куёв экан. Кейин набира туғилган. Ўша – менман.

      Бирин-кетин фарзандларидан, сўнг эридан ҳам қорахат келгач, энам бир ойча тилдан қолган. Кейинчалик Аллоҳнинг инояти билан сиҳат топган. Гоҳо-гоҳо ўкиниб: “Болаларимнинг умрини ҳам Худойим менга қўшиб берганми, дейман, фарзанд доғини торта-торта ичим сидирилиб кетган-у бунчалар узоқ яшадим-а…” дердилар.

      Энам юз билан юзлашиб дунёдан ўтди.

      Эшитгувчилар деди: – Аёлнинг қисмати сабр, дейилган кўҳна китобларда. Илло, рост.

      Минг шукурким, Сен билан Мен юртда осойишдамиз. Шу тинч кунларимизни эъзозлаб, уни нон қадар муқаддас билиб яшайлик.

      Тинчликни олқишлайлик.

* * *

      Карвон тўхтамай юраверди. Ҳаёт ҳаракатни талаб этгани каби у ҳам бир лаҳза тин олмади.

      Бешинчи йўловчи деди: – Қадимда, биз яшаган тупроқда бир достончи чол ўтган.