180 Агарчи даргоҳинг баҳри азимдир,
Вале бу қатра ҳам дурри ятимдир.
Денгизда гарчи сувлар беканордир,
Вале ҳар қатранинг бир тоби бордир.
Денгизким, унда офтоб сайр этар, ой,
Берар ҳар қатрага ўз бағридин жой.
Не дейман, ё Расулуллоҳ, тағин мен?
Кучим етганча васфинг сўйладим мен.
Каримдирсен ўзинг, кўргувчи ҳам сен,
Берарда юз тўним бергувчи ҳам сен…
МЕЪРОЖ
185 Кўринди Жаброил бир кеча хуррам,
Дедиким, эй Расул, эй Садри олам,
Бу зулмат юртидин юргил, гузар қил,
У дорулмулки Оллоҳга сафар қил.
Юриб, ул Ломакон сори қадам қўй,
Тутиб ҳалқа, қадам сўйи ҳарам қўй.
Бу кеч сенга фалаклар кўз тутарлар,
Фалак узра малаклар кўз тутарлар.
Набийлар кўз тутарлар сенга чанқоқ,
Жамолингни кўришга зору муштоқ.
190 Эшик очмиш биҳишт ҳам, осмон ҳам,
Сени деб барча кўнгилларда байрам.
Бу кеча не сўрарсен, сўргил, илло,
Кўрарсен, юз очар қаршингда Оллоҳ.
Баён эт умматинг дардин аён сен,
Ҳақиқат, жумла асрори жаҳон сен…
Буроқ омода эрди, мисли чақмоқ,
Уни нурдан яратмиш эрди Ҳаллоқ.
Чу Оллоҳ нури пайваст эрди унга,
Югурса, ел етолмас эрди унга.
195 Набий минди Буроққа, йўлга тушди,
Макондин Ломакон сорига учди.
Жўшиб, тебранди шунда Арши аъзам,
Ана, келмоқда, деб офтоби олам.
Малаклар ҳам табақларни тутиб, ҳай,
Нисор сочмоққа ҳозир турдилар, шай.
Тамомий анбиёни кўрди йўлда,
Уларга не хабарлар берди йўлда.
Биринчи Одам очди ўз жамолин,
Анга ул ошно этди висолин.
200 Кейин Нуҳ айлади Куллдин хабардор,
Ки бўлди бу хабардин соҳиб асрор.
У Иброҳимда топди улфати Кулл,
Аён бўлди анга, чун қурбати Кулл.
У Исмоилдин олди тарбиятлар
Ва Исҳоқдин тополди тақвиятлар12.
Ва Яъқуб айлабон ғамлардин озод,
Азиз зотини ишқдин этди обод.
Яна Юсуф анга роз айтди дилдан,
Садоқат розини боз айтди дилдан.
205 У истар эрди нур, Мусойи муштоқ
Уни ишқ оламида айлади тоқ.
Ва Довуд сўйлади рози ниҳонлар,
Сулаймон айлади шарҳу баёнлар.
Кейин Исо кўриб чун бўлди шайдо,
Уни этди фақирлик ичра якто.
У жумла анбиёга чўзди қўлни,
Уларга бирма-бир кўрсатди йўлни.
Муяссар бўлди сўнгра қурбати Дўст,
Очилди унга сўйи ҳазрати Дўст13.
210 Югурди, Сидрага йўл олди Аҳмад,
Чу дўст кўйига ўзни солди Аҳмад.
Шу он ҳамроҳи Жаброил эмишди,
Қаноти еру кўкни қопламишди.
У қолди шунда, юрди Мустафо ул,
Йўл олди сўйи зоти подшо ул.
Таажжуб