Юрак - аланга: бадиалар. Иброҳим Ғафуров. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Иброҳим Ғафуров
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-20-988-6
Скачать книгу
Ҳалиманинг шеърлари ва шеърларида ифодаланган туйғуларни «Деҳқонча содда», баъзан «ғадир-будир покиза» деб атайди. Чиндан ҳам, унинг шеърлари деҳқонча содда, лекин тоза, самимий қарашларнинг поэзияси билан тўлиқ, мағизли ва ширадор. Бунда ҳам чинакам шеъриятга тегишли нафосат бор. Лекин бу рандаланмаган нафосат ва, у, чамамда, Ҳалима шеъриятининг ўзига хослигини белгилайди.

      Шуниси ҳам борки, менга гоҳо шоиранинг лирик қаҳрамони, айниқса, севги-муҳаббатда ўта шиддаткор, ўта қатъиятли, чўрткесар бўлиб кетаётганга ўхшаб туюлади. Албатта, бундай муносабат лирик қаҳрамонда тасодифий, енгилтак, мижғов хаёлотли муҳаббатга нисбатан тўғридир. Лекин қаҳрамоннинг туйғулари баъзи шеърларида жангари бир тус оладики, натижада бунда табиатнинг ўзи аёл қалбига қўшқўллаб инъом этган нафислик, қалбларимизни ром қиладиган назокат, юмшоқлик йўқолиб қолганга ўхшайди: «Мен ғижимлаб ўйнарман ёмон, ёндирмаса, қилмас бўлса хун. Мудроқ ҳислар топмасдан омон, чангалимда сўнадир бир кун», дейди унинг қаҳрамони бир шеърида. Бу шиддат, эҳтимол, шу қаҳрамон учун характерлидир. Лекин бу шиддат назаримда руҳий талафотларга олиб боради ва қиз қалбининг табиатига хос жарангламайди. Шундай туйғулар унинг «Қалбингга чорлайсан…» шеърида, айниқса бўртиб кўринади:

      Боғинг хушрўй, аммо биласан мен унда,

      Авайлаб, авайлаб босмасман қадам.

      Саратон кўкини куйдиргучи кундай

      Мен боғингга кириб борган дам,

      Шамолим бўлади ўзимга яраша

      Ҳарорат, қуюним…

      Бунда қаҳрамон ўзини безаши керак бўлган фидокорликдан маҳрум бир одам каби кўринади ва унинг «боғингни қиларман мен остин-устин», «Мен босиб ўтган йўл. Кўкатлар унмайдир унда сўнг» каби камчи садосидай сатрлар бир қўл билан қарсак чалишга уринган кишининг туйғуларини ифодалаётганга ўхшайди.

* * *

      Бошқа бир шоир Омон Матжоннинг оламга одамга қараши дунё гўзал, одам курашчи демоқликдан бошланади. У дунё гўзал дегач, ихтиёрида бор шеърий иқтидорини ўзининг шу ишончини баён этиш ёки куйлашга сафарбар қилади. Лекин иқтидор ҳар қанча бўлганда ҳам, иш ва айниқса, шеър иши шунинг ўзи билангина битиб қола қолмайди. Дунё гўзал дейиш учун унинг бутун гўзаллигини ҳис қилиш керак, бу гўзалликни англаш ва шу гўзаллик тушунчасида бирлашган барча мураккабликларни ёрқин фаҳмлай билиш зарур. Мен Омон Матжонда гарчи тўла камолга етиб улгурган даражада бўлмаса ҳам лекин шу камолотга олиб бориши мумкин бўлган шундай тушунча мавжуд деб ишонаман. Бу шоир дунёнинг гўзаллигини ва айни чоғда азаллигини, унинг кенглигини, у қарама-қарши кучларнинг кураши билан тўлиқлигини билади ва билгани даражасида ҳис қилади.

      Омоннинг шеърларида дунёни юқоридагича тушуниш баробарида ва айни унинг ҳосиласи бўлиб, инсон орзулари ҳақида кўп гап юритилади. Унинг хаёл тилга олинмаган ёки четлаб ўтилган шеъри йўқ даражада. Ўқувчига равшанки, орзу ҳам, хаёл ҳам инсон онгининг тубсиз ва чегарасиз маҳсулларидир. Лекин хаёл ҳар қанча чегарасиз