Шаксиз, «Адиблар хиёбони» барча-барча ижодкорларнинг севикли масканига айланади. Шоир шеър ўқиса, адиб ўйга толади, бастакор куй басталаса, мусаввир ранг танлайди, мунаққид тадқиқ этса, кино-театр намояндалари янгидан-янги экран ва саҳна кўринишларини кашф этадилар. Бу тарз ижод қайнаган гўшани мухлисларсиз тасаввур қилиб бўлмайди албатта! Зеро, адабиётимиз, санъатимиз, маданиятимиз мухлислари билан боғнинг файзига файз, кўркига кўрк қўшилади.
Ҳуррият – байроғимиз,
Адолат – ўртоғимиз,
Хурсанд бўлган чоғимиз
Мевалансун боғимиз!
Юз йил муқаддам Чўлпоннинг армонига айланган тотли орзу, мана, «Адиблар хиёбони»да меваланиб турибди. Бу – маънавият, маърифат, тозариш, ҳуррият, адолат ва хурсандчилик-шодлик меваси ўлароқ ҳосилини тақдим этмоқда, ҳадя этмоқда!
«Адиблар хиёбони» бўйлаб босган қадамингизда китоб ўқиётгандек бўласиз. Ҳар қадамда ўзингиз севган роман, ўзингиз суюб ёд олган шеър сизни нафосат оламига ошно этади. Гавжум мегаполис шаҳарнинг қоқ марказидаги масъум ва осуда гўшада хотиралар тиниқлашади, хотиралар уйғонади, хотиралар жунбишга киради, зеро, мутолаа шуурларни уйғоқ тутади. Шавқ-завққа тўла мутолаадан кўнгиллар ёришади, «Адиблар хиёбони»да бадиий сўз, бадиий адабиёт, одоб-ахлоқ эътироф, эъзоз, эҳтиром юксакликларига кўтарилади!
МУНОЗАРА МАЙДОНИ – ҲИКОЯ!
ГРАЖДАНЛИК – ЮКСАК БУРЧ
Хуршид Дўстмуҳамедовнинг маънавий муаммолардан баҳс этувчи ҳикоялари ҳам эътиборга молик. «Кўчиш» ҳикояси ўспирин йигитчаларнинг илк бор ҳаёт билан юзма-юз келиши ҳақида. Шу кунгача беташвиш болалик гаштини суриб юрган дўстлар уйлари бузилиб, турли томонларга кўчадиган бўлишгач, биринчи маротаба йўқотиш ҳиссини, хотира, оқибат туйғусини қалбларида туядилар. Муаллиф болалардаги инсоний туйғуларни яқин кишилари, катталар маънавий хислатлари билан бадиий тарзда қиёслайди. Ҳикоя сўнгидаги ғоят ўринли топилган «камера» детали бутун асар моҳиятини, ғоясини аниқ ифодалайди. Дарҳақиқат, камера уй анжомларига урилиб машинадан тушиб кетгани каби болалар ҳаётидан ҳам нимадир (болалик беғуборлигими ёки меҳр-оқибатми…) сезилмай йироқлашаётгандек…
Ёзувчининг «Киова қуёши» номли ҳикоясида Америка ҳиндуларининг юртига европаликлар кела бошлаган даврлардаги бир воқеа тасвирланади. Американинг ҳақиқий эгалари – ҳиндуларнинг ўз ерларидан қувғин қилиниб, маҳв этилаётгани – бу фожиа ёш ўзбек ёзувчисини ҳам бефарқ қолдирмаётгани эътиборли, албатта. Муаллифга бу воқеа асосан яхшилик ва ёвузлик, аждодлар ёди, жаҳолат, зўрлик каби масалалар ҳақидаги фикрларни айтиш учун восита, рамз вазифасини