БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД. Иқбол Мирзо. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Иқбол Мирзо
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-5993-2-1
Скачать книгу
отахонга қара, тиззалари, тирсаклари, бўйни лой. Бошқа жойлари қум холос, – деб гапни муаллимларга хос саволга тақади, – бу нимани билдиради? Балли, лой бўпқолган жойларимиз, демак, шамоллаган бўлади.

      – Неча кун тушилади ўзи, дада? – Мирхонднинг оҳангидан норозилик аломати сезилди.

      – Уч кундан беш кунгача.

      – Қаторасигами, оралатибми?

      – Қаторасига.

      – Уф-ф! – дедию Мирхонд дадамнинг назаридан чўчидими, – иссиғакан, – деб қўшиб қўйди.

      Дадам иккита таёқ топиб, қумга ботириб ўрнаштирди-да, бошқалар билан орага девордай қилиб чойшабни тортиб боғлаб, мен учун кўланкамайдон ясади.

      Бир муддат ўтиб соядаги оташ пасайдими ё мен кўникдимми, ўтирволиб терлаб-пишиб қумдан “тоғ” уйишга киришиб кетдим.

      Ёнбош томонда дадам ҳарсиллаб қум тортиб, қатор чуқурчалар ҳозирлади. Сўнг:

      – Бирпас кутайлик, қизиб олсин, – деди шиппаги орасидан қайноқ қум кирганиданми оёғини бетоқат қоқиб типирчилаётган акамга синовчан қараб.

      Менинг ярим чодиримда бир муддат ўтиргач, “Бисмилло, банияти шифо”, деб дадам биринчи чуқурчага узала тушди-да, Мирхондга “Қани, бошла”, деб буюрди. Акам оғзидан нафас олганча бодроқ пиширгудай қумни дадажонимнинг устига астойдил торта бошлаганди ўтакам ёрилиб, югурганча бориб кетмонга ёпишдим:

      – Унақа қилма, Мирхонд, дадамиз-ку, сенга дада керакмасми? – дедим тер аралаш кўзёш тўкиб.

      Дадам ётган жойида хохолаб кулиб юборди:

      – Ҳа, онаш! Ўзимни қизим-а! Ўзимни меҳрибоним-а! Ана, қара, бошқалар ҳам кўмилган. Ҳеч нарса қилмайди.

      – Барибирам керакмас! Чиқинг, уйга кетамиз, – мени энди ҳеч қандай куч йиғидан тўхтатолмасди.

      Дадам чор-ночор қумдан чиқиб, ёнимга келиб ўтирди. Лой қўллари билан маҳкам қучиб, пешонамдан ўпди. Кейин нигоҳи билан галалашиб кўмилиб ётган одамларнинг каллаларини кўрсатиб:

      – Қарагин, ҳамма ётибди. Шундай қилиб одамлар опош бўлади. Мана шу қум одамни дардини олади. Тушундингми? – деди.

      Ҳеч нарсага тушунмаган бўлсам ҳам:

      – Тушундим, – деб бош ирғадиму, лекин бўйнидан қўлларимни олмадим.

      Мирхонд бир зум каловланиб тургач, дадамга “Нима қилай?” дегандай қаради.

      – Сен анави чуқурчага тушиб, ўтирган жойингда қувуғингга қум торт, фойдасини кейин биласан, қишда онанг кўрпангга хокандозда кул босиб юрмайди, – деб дадам кулимсираб термосга қўл чўзди.

* * *

      23 декабрь

      Сочим олинганидан кейин икки кўзим ости ҳам оппоқ доғ бўлди… ростдан соч қиз боланинг ярим ҳусни экан – айбларингни, нуқсонларингни бир қадар ёпаркан.

      Найлайки, одамзод ўзидан уялиши, ор қилиши, ҳатто нафратланиши мумкин, бироқ ташлаб кетолмас экан.

      Умид ҳам қуёшга ўхшайди, ботар чоғи ҳаммаёқ зулматга чўмади, энди ҳаёт тугади деган ўй кўршапалакдай айланиб қолади. Аммо вақтики етиб умид яна уйғонади, саҳро осмонида беғам сузган увада булутлар қорнига заррин нурлар қадалиб, яна ҳаёт бошланади, қушлар тилга киради, қумга қулоқ боссанг, ер остидаги илдизлар