“Нега?” билан бериладиган бу турдаги саволлар тузоғига исталган киши тушиб қолиши мумкин. Бир сафар бўлим бошлиғидан қўлида қанча одам ишлаши ҳақида сўрадим, у эса: “Яримта, шекилли”, деб жавоб берди. Жавоб кулгили эди, лекин бу унинг “Нега мен яхши одам топа олмайман?”, “Нега ёш авлод чин дилдан меҳнат қилишни истамайди?” ва “Нега юқори бошқармадан кўпроқ ёрдам олмайман?” каби НСлар берадиган бошқарувчилар тоифасига киришидан дарак эди.
Бунинг барчаси қурбонларча фикрлаш тарзи бўлиб, дунёда ҳаддан ташқари кенг ёйилиб кетишга улгурди.
Бир сафар узоқ парвоз вақтида эллик ёшлардаги кишининг ёнига ўтириб қолдим. Биз ўзаро танишиб, “Қаерга йўл олдингиз?” ва “Нима иш қиласиз?” сингари саволлар билан дўстона суҳбатимизни бошладик. Маълум бўлишича, унинг Аспен яқинида яна бир уйи бор ва йигирма бир кунлик чанғи таътилидан эндигина қайтаётган экан. “Қойил, – ўйладим мен. – Аспенда йигирма бир кун-а! Демак, бу одамнинг қанчадир ихтиёрий маблағи бор!”
У гапида давом этиб, Нью-Йоркда яшаши ва Уолл Стритда ишлашини айтди. Нима иш қилишини топиб кўринг-а? У брокер эмас, инсон жароҳатлари бўйича адвокат экан.
У мендан нима билан шуғулланишимни сўраганида қисқа ва лўнда қилиб “Ёзувчи, нотиқ”, деб қўя қолдим.
– О, ростданми? – деди у. – Нима ҳақида маъруза қиласиз?
Мен бир муддат мулоҳаза қилиб кўриб, “Нега айтмаслигим керак?” деб ўйладим. Кейин у киноя ё ҳазилга йўймасмикан, деган хаёлда ҳар доим берадиган жавобимни айтдим:
– Шахсий жавобгарлик ҳақида.
Бунга бир неча сония вақт кетди. Биз бир-биримизга тикилиб қолдик. У бироз безовталанди. Охири унга тушунарлироқ бўлиши учун қўшиб қўйдим: “Мен бажарадиган юмуш одамларга, шу жумладан, ўзимга ҳам, қурбонларча фикрлаш тарзини ҳаётимиздан бартараф қилишга кўмаклашишдан иборат”.
У мени тушунган бўлса керак, чунки шу билан суҳбатимиз поёнига етди. Биз кейин умуман гаплашмадик!
Унинг шахси ёки касбига ҳеч қандай қаршилигим йўқ. У шунчаки “Нега менда шунақа бўляпти?” дея тинимсиз савол бераётган жамият талабини қондиряпти, холос. Аммо жамиятдаги ноқисликларга бош чайқаган тақдиримизда ҳам, ўша жамият мустақил шахслар – сиз ва мендан ташкил топганини унутмайлик. Қурбонларча фикрлаш тарзидан дунё миқёсида қутулиш учун қила оладиган энг яхши ишимиз уни, аввало, ўзимиздан бартараф қилишдир.
Биринчи рақамли СОС йўриқномаси барча СОСлар “Нега?”, “Қачон?” ёки “Ким?” эмас, балки “Нима?” ё “Қандай?” сўроқлари билан ифодаланишини таъкидлайди. Боб бошидаги “Нега?” билан бошланган саволларга яна бир бор кўз ташланг ва уларни қуйидагича