Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси. Стивен Кови. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Стивен Кови
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-175-7
Скачать книгу
ички ҳиссиётларимизни виждонан жиловлаб, бизнинг қадр-қимматимиз фарзандларимизнинг барчага «мақбул» келиши билан ўлчанмаслигига ўзимизни тайёрладик.

      Фарзандимиз ҳақидаги эски тушунчалардан воз кечиб, қадриятга асосланган мотивларни ривожлантирганимиздан сўнг, янгича ҳис-туйғулар пайдо бўла бошлади. Энди ўғлимизни бошқалар билан таққослаш ёки муҳокама қилиш ўрнига, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан завқланардик. Биз боламизни ўз тасаввуримизга ёки жамият андазаларига мослаштиришга ҳаракат қилишни тўхтатдик. Чунки у ҳар томонлама соғлом эканлигига, ўз ҳаётини ўзи эплай олишига кўзимиз етди. Кимлардир унинг устидан кулса, бошқа эътибор бермадик.

      Ўғлимиз ҳамиша қанотимиз остида улғайгани, энди эса ҳимоясиз қолаётганлиги сабаб илк оғриқли изтиробларни бошдан кечирди. Буни бизга изҳор этганида, индамай эшитдик, лекин ҳеч қандай жавоб қайтармадик. Бу орқали «Сен муҳофазага муҳтож эмассан! Сенда мутлақо муаммо йўқ!» дея унга билдирдик.

      Шу тариқа ҳафталар, ойлар ўтди. Фарзандимизнинг ўзига ишончи анча юксалди ва ўзини борича қабул қилишни ўрганди. Унинг иқтидори ўз ҳолича ўса бошлади. Вақтисоати келганда, жамият мезонларига жавоб берадиган – ақлий, жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан баркамол шахсга айланди. Ўтаётган йиллар давомида у талабаларнинг турли уюшмаларига етакчи этиб сайланди, мамлакатнинг энг яхши спортчиларидан бири бўлди ҳамда уйга аъло баҳолар тўла табель билан қайта бошлади. Ўғлимизда шаклланган жозибадор ва софдил шахсият одамлар билан қийинчиликсиз алоқа боғлашга имкон берди.

      Ҳозир рафиқам билан ишонамизки, жигарбандимиз эришган ютуқлар шунчаки бир ижтимоий мукофотга жавобан эмас, балки ўзига нисбатан ҳис-туйғуларининг ёрқин ифодаси эди. Бу мен учун ҳам, Сандра учун ҳам ажойиб тажриба бўлди ва бошқа фарзандларимизни тарбиялашда муҳим қўлланма вазифасини ўтади. Биз муваффақиятга эришишнинг феъл-атвор этикаси ҳамда шахс этикаси ўртасидаги фарқни билиб олдик. Бизнинг қарашларимизни муқаддас матндан олинган қуйидаги сатр жуда яхши ифода этади: «Қалбингизга шундай иштиёқ билан ишлов берингки, ҳаётий муаммолар ундан чиқиб кетсин».

БИРЛАМЧИ ВА ИККИЛАМЧИ ҚУДРАТ

      Ўғлим билан бўлган воқеа, идрок бўйича тадқиқотим ва муваффақиятга оид адабиётларни мутолаа қилганларим бирлашиб, ҳаётда барча нарса ойдинлашувчи лаҳзадан иборат «Аҳа!» ҳолатини вужудга келтирди. Мен кутилмаганда шахс этикасининг кучли таъсирини кўришга муваффақ бўлгандим. Бундан ташқари, мен тўғри деб биладиган нарсалар – болалигимда сингдирилган тушунчалар, қадр-қиммат борасидаги ботиний қарашларим – ҳамда кундалик муаммоларга тезкор ечим топишга мўлжалланган фалсафалар орасидаги тафовутлар юзага чиққанди. Бу жуда нозик тавофутларни кўпинча онгли равишда аниқлаб бўлмасди. Камина нима учун ўзим ўқитаётган ва самарали деб билган нарсалар тезкор ечим фалсафаларига зид келишини чуқурроқ тушуниб етдим.

      Мен шахс этикасининг таркибий қисмлари – шахсий ривожланиш, мулоқот маҳорати