– Сен рассом бўлишинг керак!
– Молга ўхшаб овқатланяпсан!
– Ғолиб бўлишингга ишонмайман!
– Ахир, бу жуда осон-ку. Нега ақлинг етмайди?
Бу каби фикрлар бир-бирига боғланмаган ва мутлақо субъективдир. Улар кўпинча кўзгудаги асл аксимизни эмас, балки шу фикрни билдираётган одамлар феъл-атворидаги ожизликни ифода этади.
Замонавий ижтимоий парадигма кўзгуси бизни асосан шарт-шароит ва вазиятларга қараб акс эттиради. Ҳаётимизга вазиятлар кучли таъсир ўтказишини, биз уларни назорат қила олмаслигимизни тан олсак, бутунлай бошқа харита пайдо бўлади.
Аслида жами учта ижтимоий харита мавжуд. Улар мустақил ёки қўшма ҳолда инсон табиатини тушунтириб берувчи детерминизм назариялари ҳисобланади.
Генетик детерминизмга мувофиқ – сизнинг ҳозирги феъл-атворингиз ота-боболарингиздан мерос бўлиб ўтган. Масалан, бобонгиз қизиққон эди, шунинг учун сиз ҳам қизиққонсиз. Бу сизнинг ДНКнгизда бор ва келгуси авлодларга ҳам мерос бўлиб ўтади. Бундан ташқари, сиз ирландсиз. Қизиққонлик эса барча ирландларнинг табиатида бор.
Психологик детерминизмга кўра, феъл-атворингиз қандай бўлиши оилангизга боғлиқ. Ота-онангиз берган тарбия, болалик тажрибаларингиз асосида феъл-атворингиз шаклланади. Масалан, сиз гуруҳнинг энг олдинги сафида бўлишдан чўчийсиз, чунки сизни шундай тарбиялашган. Сиз хато қилсангиз, даҳшатга тушасиз, сабаби болалигингизда ожиз ва қарам бўлганингиз онгостингизда сақланиб қолган. Ҳар сафар бирор ишни уддалай олмаганингизда, оила аъзоларингиз сизни руҳан жазолагани, камситгани ёки ким биландир таққослагани натижасида тортган азобларингиз ёдингизга тушади.
Учинчи – ташқи муҳит детерминизмига биноан, феълатворингиз шаклланишига бошлиғингиз ёки рафиқангиз, фарзандингиз, молиявий аҳволингиз ёки миллий сиёсат таъсир ўтказади. Яъни сизнинг ким бўлишингизга атрофингиздагилар жавобгар саналади.
Бу хариталарнинг ҳар бири стимул/реакция назариясига асосланган. Бу назарияни тушуниш учун Павловнинг итлар билан ўтказган тажрибасини эслаш кифоя. Ундаги бош ғоя шундаки, биз муайян стимул(туртки)га нисбатан муайян реакция билдиришга мослашганмиз.
Хўш, ижтимоий хариталар қанчалик аниқ ишлайди? Бу кўзгулар инсон табиатини қанчалик тўғри акс эттиради? Улар ўзини оқлайдими? Ижтимоий кўзгулар биз қабул қила оладиган тамойилларга асосланганми?
Юқоридаги саволларга жавоб сифатида сизга Виктор Франклнинг ҳикоясини айтиб бераман.
Франкл ёшлигидан Фрейд психологияси анъаналари бўйича тарбияланган детерминист эди. У болаликда рўй берган ҳодисалар инсоннинг феъл-атворини шакллантириб, бутун ҳаётини бошқариши ҳақидаги назарияни маъқуллаган. Унга кўра, сизнинг чекловларингиз ва параметрларингиз аллақачон ўрнатиб бўлинган, энди уни ўзгартириш учун ҳаракат қилиш бефойда. Келиб чиқиши яҳудий бўлган Франкл психиатр