– Бу белгилар кўп маъноли демоқчимисиз?
Беккер бош ирғади ва канжи бироз ўзгартирилган хитойча белгиларга асосланган япон ёзув тизими эканлигини тушунтирди.
– Мен сизларга мандаринча таржимани бераётгандим, чунки ўзингиз мендан шуни сўрагандингиз, – деб қўшиб қўйди у.
– Ё парвардигор! – Морантей иҳраб юборди. – Канжидан фойдаланиб кўрайлик қани.
Девид энди белгиларни канжи ёзуви бўйича таржима қилишни бошлади ва бу кутилмаганда ижобий натижа бериб, криптографларни ҳайратга солди.
Девидга таржима жараёнида белгиларни кетма-кет тарзда эмас, балки тартибсиз ҳолда беришларидан ажабланганида, Морантей «шундай қилсаккина сиз нима таржима қилаётганингизни билмайсиз, бу эса шахсий хавфсизлигингиз учун муҳим», деб таъкидлади.
– Хавфсизлигим учун?
Йигит кулиб юборди, лекин атрофдагиларнинг жиддий нигоҳларини кўриб, чеҳраси тундлашди.
Ниҳоят кодни ечиб бўлишди, Беккер уларга қандай махфий ахоротни аниқлашда ёрдам берганига ақли етмаса-да, бир нарсани аниқ тушунди – МХАда расшифровка масаласи алоҳида аҳамият касб этаркан; буни йигитнинг ҳамёнига солиб қўйилган чек унинг университетдаги бир ойлик маошидан ҳам кўпроқ экани ҳам тасдиқларди.
Бугунги иш йигит кутганидан кўра узоқроқ вақт олганди, шу сабаб унинг хаёлини ҳозир иложи борича тезроқ шанба куни тушликдан сўнг ўтказиладиган сквошга кечикмасдан етиб бориш банд этганди. Шу сабабдан асосий йўлакдаги бир нечта текширув пунктлари бўйлаб шошганича ортга қайтаркан, тўсатдан Девидни чиқиш эшиги ёнида қўлига телефон ушлаб олган соқчи тўхтатди:
– Жаноб Беккер, шу ерда кутиб туринг, илтимос.
– Нима гап, тинчликми? – ажабланиб сўради Девид.
Қўриқчи елка қисди:
– Крипто директорининг сизга икки оғиз сўзи бор экан, хоним ҳозир шу ерга келяпти.
– Хоним? – Беккер кулиб юборди: МХА ичида бирорта ҳам аёл кишига кўзи тушмаганди.
– Бунинг муаммоли жойи борми? – орқасидан аёл кишининг овози эшитилди.
Ортга ўгирилган Беккернинг юзига қон югурди, юрагининг аллақаери ғалати жимирлаб кетди. Аёлнинг кофтасидаги ID-картасига назар ташларкан, МХА Криптография бўлинмасининг бошлиғи шунчаки аёл эмас, балки жозибадор аёл эканига тан берди.
– Йўқ, албатта, – Девид каловланиб қолди. – Мен шунчаки, ҳалиги…
– Сьюзан Флетчер, – аёл жилмайиб, нозик қўлларини кўришиш учун узатди.
Беккер аёлнинг қўлини сиқди.
– Девид Беккер.
– Табриклайман, жаноб Беккер, бугун жуда яхши ишлабсиз. Сиз билан шу ҳақда гаплашсам бўладими?
Беккер иккиланиб қолди:
– Ростини айтсам, ҳозир бироз шошиб тургандим.
Дунёдаги энг кучли разведка агентлигининг таклифини рад этиш қанчалик аҳмоқона иш эканлигига ақли етса ҳам, Девид сквошга кечикишни