Иншони ёзиб тугатганимда соат ўн ярим бўлиб қолганди. Лекин унча чарчамаган эдим, шунга бироз ойнадан кўчани томоша қилиб ўтирдим. Қор ёғишдан тўхтаганди. Бир-бир ҳеч ўт олмаётган машинанинг товуши қулоққа чалинарди. Эклининг хуррак отиши ҳам эшитилиб турганди. Жин ургур ваннахона дарпардаларидан шундоққина хуррак овози келиб турарди. Бурнида муаммоси борлиги учун ухлаётганда яхши нафас ололмасди бола пақир. Ўзи балонинг бари шу болада йиғилганди: Синусит ҳам, ҳуснбузар ҳам, чирик тишлар ҳам. Етмаганига оғзидан бадбўй ҳид келарди, тирноқлари ҳам косовдек эди. Бу эси паст итваччага ачинмай бўлмасди.
6
Баъзан бирор нарсани эслаш жуда қийин бўлиб кетади. Ҳозир Стредлейтер Жейн билан учрашувдан қачон қайтгани ҳақида ўйлаб ўтирибман. Гап шундаки, йўлак томондан унинг қурғур қадам товушлари эшитилганда мен хонада нима қилиб ўтирганимни ҳозиргача аниқ эслолмайман. Эҳтимол, ўшанда ҳам ойнадан ташқарига қараб ўтиргандирман, лекин қасам ичаманки, буни эслолмайман. Негаки, ўшанда ҳаддан ташқари безовталанаётган эдим. Ўзи бирор нарсадан ташвишлансам тинч ўтира олмайман. Бундай пайтларда ҳаттоки ҳожатхонага боргим келиб қолади. Лекин бормайман. Шунчалик ташвишланганимдан боришга ҳафсала қолмайди. Буни деб хавотиримга халақит бериб қўйгим келмайди. Стредлейтерни билганингизда сиз ҳам мендек ташвишланган бўлардингиз. Бу ифлос билан икки марта учрашувга бирга борганман, шунинг учун нима деяётганимни жуда яхши биламан. У фақат ўзини ўйлайдиган аблаҳ эди.
Хуллас, йўлак линолеум билан қоплангани учун у ярамаснинг хона томон яқинлашаётганини бемалол эшитиш мумкин эди. Стредлейтер хонага кирганида ҳаттоки қаерда ўтирганимни ҳам эслолмайман; токчада, стулимда, балки, унинг стулидами, ишқилиб-да. Худо ҳақи, эслолмайман.
У ташқари жуда совуқлигидан зорланиб қунишганча кириб келди. Кейин “Ҳамма қай гўрга даф бўлди?” – деб сўради. – Ўликхонанинг ўзгинаси-ку. Унга жавоб бераман деб овора бўлиб ўтирмадим. Агар Стредлейтер бугун шанба эканлигини, шунинг учун ҳамма айлангани чиққан, ухлаётган ёки дам олиш кунини уйида ўтказиш учун кетган бўлиши мумкинлигини билмайдиган даражада овсар бўлса, унга жавоб беришнинг фойдаси ҳам йўқ. Стредлейтер ечина бошлади. У Жейн ҳақида ҳеч нима демади. Бир оғиз ҳам. Мен эса шунчаки унга қараб ўтиргандим.