Турли технологиялар бир-бирини тўлдириб, ривожлантириши мумкинлиги ҳақида аввал айтиб ўтган фикримизга мисол сифатида биологик принтлашни келтириш мумкин. Бунда 3D ишлаб чиқариш технологияси ген муҳандислиги билан биргаликда тўқималарни алмаштириш ва қайта тиклаш мақсадида тирик тўқималар яратади. Ушбу усулдан ҳозирги пайтда тери, суяк, юрак ва томир тўқимаси олишда фойдаланишга эришилди. Ва ниҳоят, принтланган жигар тўқимаси қаватларини трансплантат ҳосил қилишда ҳам қўллаш мумкин.
Фаоллик даражамиз ва қоннинг биокимёвий таркиби, уларнинг жисмоний, руҳий саломатлигимиз, уй ҳамда иш-фаолиятимиздаги маҳсулдорлигимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини ўрганиш мақсадида кузатувчи қурилмалар, уларни ўрнатиш усуллари устида иш олиб боряпмиз. Бундан ташқари, инсон мияси айнан қандай ишлаши борасидаги билимларимиз салмоғи ортиб, нейротехнология йўналишида катта ютуқларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ҳолатни сўнгги йилларда энг кўп пул ажратилган тадқиқотларнинг иккитаси нейробиологияга бағишлангани билан изоҳлаш мумкин.
Айнан биология соҳасида ижтимоий нормалар ва мувофиқ меъёрий ҳужжатлар яратиш борасида энг жиддий муаммолар юзага келмоқда. Инсон бўлиш нимани англатиши, ўз танамиз ва саломатлигимизга оид қандай маълумотларни бошқалар билан баҳам кўришимиз мумкинлиги, келажак авлодлар ирсиятини ўзгартиришда қандай ҳуқуқ ва масъулиятларимиз борлиги борасидаги янгидан-янги саволларга тўқнаш келяпмиз.
Ген таҳрирлаш мавзусига қайтадиган бўлсак, тирик одам эмбриони геномида турли ўзгаришларни амалга ошириш анча осонлашганини ҳисобга олиб, маълум хусусиятларга эга бўлган ёки айрим касалликларга чидамли махсус яратилган болалар дунёга келиши яқинлигини тахмин қилишимиз мумкин. Бундай имкониятлар юзага келтирадиган ижобий ва салбий тарафлар ҳақида мунозаралар кечаётганини эса таъкидлашга ҳожат йўқ. Хусусан, 2015 йил декабрида АҚШ Миллий фанлар академияси ва Тиббиёт академияси, Хитой Фанлар академияси ва Буюк Британия Қироллик жамияти вакиллари одам генини таҳрирлашга бағишланган саммитда йиғилдилар. Муҳокамаларга қарамасдан, биз ҳали энг сўнгги ген технологиялари ва уларнинг натижалари билан тўқнаш келишга тайёр эмасмиз. Улар сабаб бўлувчи ижтимоий, тиббий, ахлоқий ҳамда психологик саволлар анчагина салмоқли ва уларга жавоб топилиши ёки ҳеч бўлмаганда, яхшилаб кўриб чиқилиши даркор.
Инновация мураккаб ижтимоий жараён бўлиб, у ўзўзидан