Филадельфияда бутун бир шайка ҳаракат қиларди: ҳиссага шаҳарнинг мэри, муниципалитетнинг бир нечта аъзоси, ғазначи, полиция бошлиғи, жамоатчилик ишлари бўйича вакил ва бошқа мансабдорлар кирарди. Уларнинг шиорлари ҳам оддий эди: “Сендан угина, мендан бугина”. Газеталар тинимсиз инсонийлик ва ватанпарварлик ҳақида бонг урар, бироқ бу турдаги фирибгарликлар ҳақида чурқ этмасди. Бу ишларни қилаётган одамлар эса ҳукумат органларида қолиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор эдилар.
Кўплаб банкирлик уйлари – уларнинг доираси тинмай кенгайиб бораётганди – Фрэнкнинг мажбуриятларни ишонса бўладиган ва векселлар бўйича тўловларни ундира оладиган одам эканига ишончлари комил эди. У қандайдир йўл билан пул топиш учун қаёққа мурожаат қилиш кераклигини дарров сеза оларди.
Фрэнк биринчи кунларданоқ фойдали таклифларга ортиқча гап-сўзларсиз жавоб қайтариш учун қўлида нақд йигирма мингча ушлаб туришни ўзига одат қилди. Шу йўл билан у ўзига кўп ҳолларда “Ҳа, албатта, буни ўз бўйнимга оламан!” деб жавоб бериши мумкин бўлган шароит яратиб олганди.
Одамлар у ёки бу биржа операцияларини ўтказиш учун Фрэнкка илтимос билан мурожаат қиларди. У пайтда ҳали биржада Фрэнкнинг ўз ўрни йўқ бўлиб, унда аввалига жой сотиб олиш нияти йўқ эди, бироқ кейин ўйлаб кўриб, фақат Филадельфияда эмас, Нью-Йоркда ҳам жой сотиб олди. У бир қатор векселларини сотишга ёрдам берган мануфактура билан савдо қилувчи Жозеф Зиммермен деган кимса унга ўзининг кўнка темир йўлларига тегишли акцияларига эгалик қилишни таклиф қилди ва Фрэнк яна фонд биржасининг кунда-шундаси бўлиб қолди.
Бу пайтга келиб унинг уйдаги ҳаёти ўзгарган, оилавий қадриятлари мустаҳкамланган, туриш-турмуши ҳам анча ҳашаматли тус олганди. Каупервуд хоним вақти-вақти билан худди эри сингари ўз таниш-билишларига танқидий назар билан қараб қўйишга мажбур эди. Жаноб Сэмпл билан ҳаёти даврида Лилианнинг атрофидагилар одатда чакана савдогарлар ва бир нечта улгуржи олди-сотди билан шуғулланадиган одамлардан иборат эди. Бундан ташқари, Лилиан черковга бирга борадиган бир-иккита аёл билан ҳам борди-келди қиларди. Гоҳ-гоҳида улар кичкина зиёфатлар уюштириб турар ва эр-хотин бирга шу зиёфатларга ёки жаноб Сэмпл ёхуд Лилианнинг қариндошлариникига меҳмонга боришарди. Каупервудлар, Уотерменлар ва шу поғонадаги бошқа оилалар эса умумий ғира-шира фонда ажралиб турадиганлар эди. Ёш Каупервуд Лилианнинг қариндошларига жуда қизиқавермасди, улар эса ўз фикрларича, оилаларига муносиб бўлмаган никоҳ сабаб аёлдан анча узоқлашиб қолганди.