– Йўқ-йўқ, сўраганингиз яхши бўлди. Бирор ким ҳаётим ҳақида қизиқиб, бирор нима сўрамаганига ҳам анча бўлибди. Сўраганингиз яхши бўлди.
– Келинг, бошқа бирор нарса ҳақида гаплашамиз. Тўкилган хазонларни ҳеч ҳидлаб кўрганмисиз? Улардан долчин ҳиди келади. Мана, ҳидлаб кўринг.
– Тўғри. Чиндан ҳам долчин ҳиди келаркан.
Қиз Монтэгга тим қора нурли кўзларини қадади.
– Сиз доим ҳайратда қоласиз.
– Чунки аввал ҳеч нарсага вақтим бўлмаган…
– Сизга айтганим, узайиб кетган реклама тахталарини кўрдингизми?
– Ҳа, тўғри айтган экансиз, – деди Монтэг кулиб.
– Кулишингиз аввалгидан кўра яхши.
– Шунақами?
– Анча самимий.
Монтэг бирдан ўзини енгил ва хотиржам ҳис қилди.
– Сиз нега мактабда эмассиз? – сўради қиздан. – Ўқиш ўрнига кун бўйи ёлғиз кўча кезасиз.
– У ерда менга кўзлари учиб тургани йўқ, – жавоб берди қиз. – Уларнинг фикрича, мен одамови эмишман. Одамлар билан яхши келиша олмасмишман. Қизиқ. Аслида эса мен жуда ҳам киришимлиман. Ҳаммаси мулоқот қилиш деганда нимани тушунишга боғлиқ. Менимча, одамлар билан мулоқот қилиш иккимиз сингари чақчақлашиш, – деди у боғдан топган бир нечта каштанни кафтида отиб ўйнаб. – Ёки дунёнинг ажойиблиги ҳақида суҳбатлашиш. Менга одамлар билан бўлиш ёқади. Лекин уларни тўплаб олиб, бирортасини ҳам гапиртирмаслик – қандай мулоқот бўлди? Телевизор орқали дарс, баскетбол, бейсбол ёки югуриш дарси, кейин тарих дарсида нималарнидир ёзамиз, кейин расм дарсида бир нималарни чизамиз, сўнг яна спорт… Биласизми, мактабда умуман савол бермаймиз. Бизга фақат маълумот ёғдиришади – бум-бумбум. Кейин яна тўрт соат ўқув фильми кўрсатишади. Мен учун бу мулоқот эмас. Кун охирига бориб шундай толиқамизки, кучимиз ўзимизни каравотга ташлаб уйқуга кетишга ёки кўнгилочар паркларга бориб ойна синдириш павильонида ойналарни завқ билан синдириш ёки машина ағдариш тирида улкан пўлат копток билан машиналарни мажақлашга етади, холос. Ёхуд машинани елдек учириб, ким симёғочга энг яқин масофадан ўтиш ўйинини ўйнашга. Менимча, уларнинг айтганлари тўғри, мен улар айтгандек бўлсам керак. Менинг бирорта дўстим ҳам йўқ. Шунинг ўзи менинг телбароқ эканимни билдирмайдими? Ҳамма тенгдошларим қичқиришади, сакрашади, бир-бирларини қақшатишади. Одамлар бир-бирларига қандай бешафқат бўлиб кетишганини сезасизми?
– Сўзларингиз қари одамникига ўхшайди.
– Баъзан мен ҳам ўзимни қаридек ҳис қиламан. Ўз тенгдошларимдан қўрқаман. Улар бирбирларини ўлдиришади. Наҳотки доим шунақа бўлган бўлса? Амаким доим бундай бўлмаган, дейди. Шу йилнинг ўзида олти нафар тенгдошим отиб ташланди, ўн нафари эса автомобиль ҳалокатида вафот этди. Мен улардан қўрқаман. Улар эса бунинг учун мени ёмон кўришади. Амакимнинг айтишича, унинг бобоси болалар бир-бирини ўлдирмаган даврларни эслаган экан. Аммо бу жуда қадимда бўлган. У пайтлар ҳаммаси бошқача бўлганмиш. Амаким яна айтадики, у вақтларда одамлар масъулият нималигини билишган. Агар билсангиз, мен ҳам масъулиятлиман. Чунки ўз