Биз дунёдаги нотенгликни тушуниш учун баъзи жамиятлар нима сабабдан жуда самарасиз тарзда ва ижтимоий жиҳатдан номақбул шаклда тузилганини англаш зарур, деймиз. Баъзан мамлакатлар самарали институтларни жорий этишга ва фаровонликка эришишга муваффақ бўлади, бироқ, афсуски, бундай ҳоллар кам учрайди. Кўп иқтисодчилар ва сиёсатшунослар “тўғри йўлни танлаганлар” масаласига диққат қаратади, ҳолбуки, қашшоқ мамлакатлар нега “хато йўлдан кетгани”ни тушуниш кўпроқ муҳим. “Хато йўлдан юриш” кўпинча билимсизлик ёки маданий омилларга боғлиқ эмас. Биз баъзи мамлакатлар қашшоқлиги сабаби улардаги қудрат эгалари қашшоқликни келтириб чиқарган йўлни танлаганини асосламоқчимиз. Улар адашиб ёки билимсизлик туфайли эмас, атайин “хато қилган”. Буни тушуниш учун иқтисоддан ва экпертларнинг энг тўғри йўл ҳақидаги маслаҳатларидан ташқарига чиқиш, аслида қарорлар қандай қабул қилингани, бунга ким мажбур қилгани ҳамда улар нима сабабдан шундай қилишга қарор қилганини ўрганиш лозим бўлади. Бу сиёсатни ва сиёсий жараёнларни ўрганишдан иборат. Одатда иқтисод фани сиёсатни писанд қилмайди, бироқ сиёсатни тушуниш дунёдаги тенгсизликни англашда муҳим омил. 1970 йилларда иқтисодчи Aбба Лернер айтганидек, “Иқтисод фани сиёсий муаммоларни ҳал қилишни асосий ўрганиш соҳаси сифатида танлаб, “Ижтимоий фанлар маликаси” унвонини қўлга киритди”.
Фикримизча, фаровонликка эришиш айрим бирламчи сиёсий муаммоларни ҳал қилишга боғлиқ. Чунки айнан иқтисодга кўра, сиёсий муаммолар ечилган деб ҳисоблангани учун у жаҳондаги тенгсизликка ишонарли изоҳ бера олмаган. Лекин барибир тенгсизликни тушунтириш учун иқтисод керак, негаки турли сиёсий қарорлар ва ижтимоий чоралар иқтисодий рағбатлар ҳамда унга муносабатга қандай таъсир қилишини тушуниш лозим. Aммо бунинг учун ҳам сиёсат керак.
3
ФАРОВОНЛИК ВА ҚАШШОҚЛИКНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
38-ПАРАЛЛЕЛ ИҚТИСОДИ
1945 йилнинг ёзида Иккинчи жаҳон уруши охирлаб борар экан, Кореядаги Япония мустамлакачилиги қулай бошлади. Япониянинг 15 августда сўзсиз таслим бўлишидан бир ой ўтар-ўтмас, Корея 38-параллелдан иккита таъсир доирасига