«Келди хатинг учиб, юрак пок бўлди…»
Келди хатинг учиб, юрак пок бўлди,
Қон йиғлади кўзлар бари, ғамнок бўлди.
Бўлмаса гар шафеъ Муҳаммад дасти,
Бил, барча ниқоблар бари чок-чок бўлди.
«Ўргимчак инин фалак либос этмоқчи…»
Ўргимчак инин фалак либос этмоқчи,
Бир-бир бари дўст ер тубига кетмоқчи.
Чарх қоидаси шу бўлса, эрта-индин
Бир-бир келибон, бизга-да гал етмоқчи.
«Сен феъли бадимни халқдин пинҳон қил…»
Сен феъли бадимни халқдин пинҳон қил,
Мушкул барини қошимда сен осон қил.
Шодманки бугун, эрта не қилсанг ёзғут,
Ундан-да тағин улуш бериб, шодмон қил.
«Ҳукминг ила бад ҳамон менинг аҳволим…»
Ҳукминг ила бад ҳамон менинг аҳволим,
Бермайди менга омон менинг аҳволим,
Эй хожа, хабар олмасанг аҳволимдан,
Тобора ёмон-ёмон менинг аҳволим.
«Минг дард чекибон, қадди камонинг менман…»
Минг дард чекибон, қадди камонинг менман,
Парвона сифат фидойи жонинг менман,
Гар бўлмаса васлинг, оҳ, муяссар, жоним,
Пойингда қолиб, ранги сомонинг менман.
«Чун ойни хира қилгучи тобонинг бор…»
Чун ойни хира қилгучи тобонинг бор,
Гулзор ила баҳс этар гулистонинг бор,
Бир лаҳза ҳаялламай совут тешгувчи,
Ҳар биттаси бир найзаки, мужгонинг бор.
«Каъба қора тоши дардларим дармони…»
Каъба қора тоши дардларим дармони,
Йўқ Каъбага борган кишининг армони,
Гар қора тошингдан ўпич олсам, ёр,
Айб этма, шудир, ахир, Худо фармони.
«Холларки, кўрар ани юзингда банда…»
Холларки, кўрар ани юзингда банда,
Гуллардаги доғларни қилур шарманда,
Йўқ – йўқ бу гапим ғалат, у хол гул терган
Занжи боласи Хўтандаги гулшанда.
«Зулму итобларингдан кеч кўнглим учун…»
Зулму итобларингдан кеч кўнглим учун,
Кўнглим бу – тугун, сен ани еч кўнглим учун.
Мен кўнглинг учун ўзгага бермам кўнглим,
Сен ўзгага берма кўнгил ҳеч кўнглим учун.
«Бердингки, қаноат, мис эдим, зар бўлдим…»
Бердингки, қаноат, мис эдим, зар бўлдим,
Сўнг нури яқийнинг-ла мунаввар бўлдим.
Хўб куйди ёниб барча ғараз бир бошдан,
Холис яралишга мен муяссар бўлдим.
«Ёраб. Карам эт, фаромушу хор бўлмай…»
Ёраб. Карам эт, фаромушу хор бўлмай,
То ёру биродарга сира зор бўлмай.
Жой бердинг, ахир, беш-ўн кун остонангдан,
Мен бошқа эшикка ҳеч талабгор бўлмай.
«Қилмишларим, оҳ заҳри гуноҳ тоттирди…»
Қилмишларим, оҳ заҳри гуноҳ тоттирди,
Ҳам феъли бадим хижолат, оҳ, торттирди.
Файз бермакчи эди юракка қутлуғ олам,
Лекин бу юрак ўзи фасод орттирди.
«Сидқимни умид этди Мустафо арабий…»
Сидқимни умид этди Мустафо арабий,
Ҳам дилда муқим, Худоё, чорёри набий.
Оҳ, қилмаки шарманда қиёматда мени,
Берганда ҳисоб сенга, шу – кўнглим талаби.
«Ёраб, ки, разолатни Расулингга тайин…»
Ёраб, ки, разолатни Расулингга тайин,
Қилдингу, ой тўлишди ҳар лаҳза сайин.
Исёними охиратда қил икки бўлак,
Бирни Ҳасан айласин авф, бирни – Ҳусайн.
«Йўқликка вужуд амринг ила қўйди қадам…»
Йўқликка вужуд амринг ила қўйди қадам,
Сирри ниҳонларни, эй, қилғучи рақам.
Қилганда жазо куни қора номамни,
Айлама навмийд… раҳмдил-ку қалам.
«Кўнглингга маним кўнглими мос айла, кўзим…»
Кўнглингга маним кўнглими мос айла, кўзим,
Бегонадан ўзни сен халос айла, кўзим.
Ихлос ила остонама кел бир тонгда,
Бахт топмас эсанг, сўнг эътироз айла, кўзим.
«Мулзамман, ахир, неъмати бисёр сендан…»
Мулзамман, ахир,