Фарзандларингизни яхши ишларга даъват қилишдан толиқманг. Чунки улар сизга яхши ишлари эвазига халқдан олган дуолари билан шараф келтирадилар. Фарзандингиз қўлингизга ҳар куни минг-минг доллар келтириб берса-ю, “Отангга раҳмат!” деган хайрли дуо келтирмаса, демак, сиз “ОТА” деган шарафли номга сазовор бўла олмабсиз.
Араб ҳакимларидан бири ўғлига насиҳат қилиб дебдики:
– Болажоним, Қиёмат кунида сендан: “Тириклик чоғингда нималарга эришдинг, кимга мансубсан, кимнинг ўғлисан, сенга ким трабия берган эди”, деб сўрайдилар. Каъба ҳижобини (ёпинчиғи – “кисва”, “каъбапўш” ҳам дейилади) халқ ўпганини кўргансан. Одамлар унга алоҳида меҳр ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатадилар. Унинг табарруклиги, машҳурлиги ипакдан тўқилгани учун эмас. У оддий бир мато. Лекин Каъба устига ташлангани учун эъзозланади, ҳар бир одамга Каъба сингари азиз ва шарафли бўлади.
Бу насиҳатда улуғ бир ҳикмат бор. Инсоннинг қадри ўзи қилган яхши ишларидан келиб чиқади. Агар бажараётган ишлари, амаллари, хатти-ҳаракати яхши бўлса, унинг ўзи ҳам яхши бўлади. Қадри ҳам шунга яраша бўлади. Отаси яхши бўлгани ҳолда ўзи яхши бўлмаган одамнинг эл орасида ҳеч қандай қадри бўлмайди.
Аллоҳ бандаларга хитобан: “Мен Ўзимга зулмни ҳаром этдим, бас, бирбирларингизга зулм қилманглар”, деб буюрган. “Зулм” дейилганда бировни ўлдириш, азоблашни тушунамиз. Ҳолбуки, биз аҳамият бермайдиган зулм турлари бор. Сиз эр, ота ва қайнота сифатида қандай зулм қилишингиз мумкин? Сабаблими ё сабабсизми ҳақоратлаш, ўғил ва келин ҳузурида хотинингизни камситиш, ўғил ва келинни сабабсиз айблайвериш… Агар ўғлингиз ва келинингизнинг оиласини сақлаб қололмасангиз, тирик етим қолган гўдакларнинг қалб фарёди учун ҳам айбли ҳисобланасиз. Чунки гўдакнинг кўнглини оғритиш ҳам зулм, энг катта гуноҳлардан саналади.
Тарихда Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий исмли зот ўтган. Бу киши юқори мартабаларда хизмат қилган, хусусан Ироқ волийси бўлган. Эллик тўрт йил умр кўрган бу одам тарихда «Ҳажжожи золим» номи билан қолган. У «Кескин иродали ҳукуматнинг жуда оз кишига зарари тегади, лекин заиф ҳукуматнинг зарари ҳаммага тегади», деган ақидани маъқул кўргани учун, айрим маълумотларга қараганда, 120 минг одамни ўлимга ҳукм қилган, неча юз минг одамни, ҳатто аёлларни зиндонбанд этган. Шу одам Бағдодда дуоси ижобат бўлаётган дарвеш чиққанини эшитиб, уни ҳузурига олдириб келди-да: “Мени хайрли дуо қил”, деди. Дарвеш: “Ё Раббий! Ҳажожнинг жонини ол!” деди.
Ҳажжож: “Эй дарвеш, бу қанақа дуо бўлди?” – деб ғазабланди. Дарвеш:
– Бу сенга ҳам хайрли, барча мусулмонлар учун ҳам хайрли дуодир, – деб жавоб берди ва давом этди: – Эй Ҳажжож! Қачонгача зулм этасан? Сенинг ўлиминг инсонларга зулм этишдан хайрлидир. Шунда сен ҳам гуноҳдан қутуласан, мусулмонлар ҳам сенинг зулмингдан қутуладилар.
Аслида