Қуёшли қиш кунларининг бирида аёлим Аннани кўргани Калифорниядаги касалхоналардан бирига бордим. Гарчи унинг юзлари кулиб, хурсандчилигини яширолмаган бўлса ҳам мен унинг чарчаган ҳолатда эканлигини яхши сезардим. Чунки кеча кечқурун Анна қизимизни дунёга келтирган эди. Янги меҳмонимиз соғлом туғилди.
Ўша лаҳзалар ҳаётимдаги энг бахтли ва унутилмас онлар эди. Фарзандим онасининг қўлларида ширин уйқуда, мен эса гоҳ телефонимни, гоҳ электрон почтамни титиш билан оввора эдим. Мижозим билан учрашувга шошилардим. Бошлиғимдан хабар келган: "Жума куни соат 3 ва 4 орасида фарзанд кутишга ноқулай вақт. Мен мижоз билан учрашишингни хоҳлайман". Ишнинг пачаваси чиқди. Бугун жума. Нима қилишимни билмай оёғи куйган товуқдай у ёқдан бу ёққа бориб келишдан бошқа қиладиган эрмак тополмай бошим қотган. Буни ҳазил бўлиб чиқишини чин кўнгилдан хоҳлар эдим, аммо афсуски, бу ҳақиқат эди. Мен ишда бўлишим шарт.
Бундай чигал ҳолатдан чиқиб кетишим учун, албатта, нимадир қилишим керак. Ўша пайт оилам билан бирга бўлишни жуда хоҳлардим. Бирдан телефон жиринглади. Мижоз кутиб қолганлиги ҳақида хабар беришди. "Ҳозир етиб бораман", – деб беихтиёр айтиб юбордим ва гўшакни қўйдим.
Оилам олдида жуда хижолатли бўлдим. Аёлим ва фарзандимни туғуруқхонада қолдириб ўзим ишга кетдим. Учрашув якунланди. Раҳбарим мижоз мендан жуда миннатдор бўлганини таъкидлади. У менинг ўз ишимга садоқатли эканимга юқори баҳо берибди. Аммо мижоз-чи? Унинг юз қиёфаси, кайфияти аксини кўрсатар эди. У менга гўё "Бу ерда сен ўзи нима қилиб юрибсан?" дегандек қараб қўйди. Биргина раҳбаримга яхши кўринаман деб айтган "ҳа" жавобим орқали, бепарволигим туфайли нафақат оиламга, балки тўғри сўзлигимга ҳамда мижозим билан алоқамга путур етказиб қўйдим.
Учрашувдан деярли фойда чиқмади. Шу пайт ўзимни худди аҳмоқдек ҳис қилдим. Ҳаммани хурсанд қиламан дея энг муҳимини эсдан чиқариб қўйдим.
Бундан ўзим учун ўрнак бўладиган, манфаатли дарс олдим:
ЎЗ ҲАЁТИНГНИ ЎЗИНГ ТАРТИБГА СОЛА ОЛМАСАНГ, БУ ИШНИ ЎЗГАЛАР СЕНИНГ ЎРНИНГГА ҚИЛИШАДИ
Бу воқеадан сўнг менда айрим саволлар пайдо бўла бошлади: қандай ва нима сабабдан инсонлар шахсий ҳамда профессионал ҳаётларида у ёки бу ечимларни танлашади? Нега биз ўзимизда мавжуд имкониятлардан фойдаланишни хоҳламаймиз? Қандай қилиб биз ички имкониятларимизни юқори даражага олиб чиқадиган танловларни амалга оширамиз?
Бундай саволларга жавоб топиш ҳисси мени Англиядаги юридик мактабни тугатмасдан, Калифорнияга, Стенфортда битирув малакавий ишимни тугатиш учун саёҳат қилишга ундади. Саволларимга жавоб излаш давомида икки йил ўз жамоам билан биргаликда Multipliers: How the Best Leaders make Everyone Smarter* китоби устида иш олиб бордик. Ва ўша дамларда Силиcон Валлейда ўз компаниямга асос солдим. Ҳозирги кунда мен минглаб дунёнинг кўзга кўринган компанияларининг иқтидорли вакиллари билан ишлайман ва уларга