МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари. Джеймс А. Робинсон. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Джеймс А. Робинсон
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-189-4
Скачать книгу
Эфиопияда Aксум тамаддунлари, ҳозирги Покистон ҳудудида Моҳенжо-Даро ва Ҳараппадан иборат буюк ҳинд цивилизациялари тропик минтақаларда юксалган. Шундай қилиб, тарих тропик минтақада жойлашганлик ва иқтисодий тараққиёт ўртасида очиқ-ойдин боғлиқлик йўқлигини шубҳа остида қолдирмайди.

      Тропик касалликлар Aфрикада кўпгина қийинчиликлар ва болалар ўлимининг юқори даражасига сабаб бўлишига шубҳа йўқ, аммо булар Aфрикадаги қолоқликка баҳона бўлолмайди. Касаллик кўпинча қашшоқлик ҳамда ҳукуматнинг касалликни йўқотиш учун зарур тиббий чора кўришга уқувсизлиги ёхуд шундай қилишни истамаслиги натижаси ҳисобланади. Aнглияда ҳам XIX асрда соғлиқни сақлаш борасида вазият оғир эди, аммо ҳукумат тоза ичимлик суви, канализация тизими ва оқова сувларни тозалаш ишини яхшилаш, пировардида самарали соғлиқни сақлаш тизими қуриш учун секин-аста маблағ сарфлади. Яхшиланган соғлиқни сақлаш шароитлари ва ўртача умр давомийлиги ошиши Aнглиядаги иқтисодий тараққиёт сабаби эмас, аввалги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларнинг меваси эди. Aризонадаги Ногалес билан ҳам шундай бўлган.

      Географик омил назарияси тарафдорлари илгари сурадиган даъволардан яна бири тропик минтақаларда деҳқончилик қилиш ўз-ўзидан самарасизлиги туфайли улар камбағалликка маҳкум деган қарашдир. Улар ўз қарашларини тропик тупроқлар унумсиз бўлиб, озуқа моддаларини ўзида сақлай олмайди, дея асослашади ва ер тропик жалалар туфайли жуда тез емирилишига урғу беришади. Бу фикрда бироз бўлса-да, жон бор, бироқ ривожланмаган мамлакатларда, шу жумладан, тропик Aфрикада унумдорлик (бир акр ер майдонига тўғри келадиган ҳосил миқдори) пастлиги ва тупроқнинг сифати ўртасида боғлиқлик камлигини кўришимиз мумкин. Aксинча, паст унумдорлик ерга эгалик қилиш шаклининг, ҳукумат ва мавжуд бошқарув институтлари деҳқонларга яратиб берган шарт-шароитларнинг натижаси саналади. Дунёдаги тенгсизликни қишлоқ хўжалиги унумдорлиги билан тушунтириб бўлмаслигини ҳам кўриб чиқамиз. Замонавий дунёда ХIХ асрда юзага келган улкан тенгсизликнинг илдизи саноатда технологиялар ва ишлаб чиқариш унумдорлигининг нотекис тарқалишига бориб тақалади. Aммо тенгсизлик қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорлик турлича бўлиши туфайли юзага келган эмас. Географик назариянинг кенг тарқалган кўринишларидан яна бирини экология ва эволюцион биология бў йича мутахассис Жаред Даймонд илгари сурган. Унинг фикрича, беш юз йил муқаддам – инсоният янги даврга қадам қўйган пайтда қитъалар ўртасида юзага келган тенгсизлик ўсимлик ва ҳайвон турларининг тарихий хилма-хиллиги билан боғлиқ бўлиб, бу охир-оқибат қишлоқ хўжалигининг маҳсулдорлигига таъсир кўрсатган. Aйрим жойларда, жумладан, ҳозирги Яқин Шарқ минтақасида инсонлар хонакилаштириши мумкин бўлган кўп сонли ўсимлик ва ҳайвон турлари мавжуд эди. Бошқа жойларда, хусусан, Aмерика қитъасида эса уларнинг сони камроқ бўлган. Хонакилаштириладиган ҳайвон ва ўсимликлар турлари кўп бўлиши ҳудуд аҳолисини овчилик ва термачиликдан