ВАТАН МАНГУ МАКОН. Равшанов Поён. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Равшанов Поён
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
>

      П О ЁН Р А В Ш А Н О В

      В А Т А Н М А Н Г У М А К О Н

      П О Ё Н Р А В Ш А Н О В

      В А Т А Н М А Н Г У М А К О Н

      Д Е В О Н

      2020 йил

      Назмиёт соҳир санъат, нафосат ва фасоҳат ташувчисидир. Қалбий кечинмалар тараннуми бадиий малоҳати ҳаётга, гўзалликка, маънавий камолотга ошуфта этади. Ғазал кўнгилларнинг тилмочи, у бахшида этадиган руҳий завқнинг қиммати беқиёс. Мумтоз адабиётимизнинг дурдона арконларидан бўлган лирик жанрлар инсоний кечинмаларни мухтасар тарзда, аммо, теран ифода этишга қодир. Ғазаллар, рубоий тўртликларнинг ҳаётийлиги, кўнгиллар мулки эканлиги бадиий талқинда аксини топади.

      “Ватан мангу макон” девони мундарижасидан жой олган лирик жанрлар соддалиги, тарҳи тозалиги, ҳикматосорлиги, бадиий жилоси, мавзу рангбо-ранглиги билан ўзига хос малоҳат касб этган.

      ТАҚРИЗЧИЛАР: НАФАСХОН ШОДМОНОВ,

      филология фанлари доктори.

             РАЪНО САЙДУЛЛАЕВА,

      Қарши Давлат университети ўқитувчиси.

            НАЗМИЙ БЎСТОНДА

      Кўнгилга тўкканим бу гапларни жуда олдинлар айтишим вожиб эди. Сабаби, Поён Равшанов билан 1964 йилнинг қишида, Қарши шаҳрида, педагогика институтимизнинг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида биринчи танишган, битта ҳужрада бирга яшаган, қадрдонлашган мен бўлган эдим. Унинг мумтоз адабиётни чуқур билишини, ғазалларни жуда ёқтиришини фақат дарслари воситасида эмас, ўзаро суҳбатларда, баҳслар мисолида яхши билардим. Ўзи ҳам ихчам шеърларни бадиҳа тарзида тўқишга, ўрнига тушириб айтишга моҳир эди. Бундан ярим аср муқаддам тўқиган ана шундай тўртликлари, шеърлари ҳали-ҳозирга қадар давраларда эслаб юрилади. Шундай бўлса-да, Поён Равшановнинг бирга ишлаганимизнинг 15-20 йилларида шеърий китоблар чиқаришга қунт қилганлигини эсламайман. Газеталарда, ҳар ҳолда, шеърлари босилиб турарди. Бу йилларда у ижодга эмас, илм-фанга астойдил берилган бирин-кетин китоблар нашр эттирган эди.

      Иттифоқо, унинг “Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими” /2000/ деган қиссаси Тошкентда, “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Шу ажойиб асарнинг иловасида Поён Равшановнинг шеърларидан ҳам намуналар берилди. Қиссага “Илм ва ижод мартабаси” деган салмоқли сўзбоши ёзган атоқли шоир Абдулла Орипов бир жиҳатга аҳамият бериб, жуда ўринли шундай деган эди:

      “Поён Равшановнинг насридан-ку хабарим бор эди-я, аммо шу яқин-орада шеърларига кўзим тушмаганди. Тўртликларини ўқидим ва қониқиш ҳосил қилдим. Ҳақиқий олимона, ҳикмат билан суғорилган сатрлар диққатни жалб этмай қолмайди. Тўртликлар ёхуд рубоийлар деймизми, булар узоқ вақт муаллифнинг ўз мулки бўлиб келган. Катта ҳаётий тажрибага, кенг қамровли билимга эга бўлган шоирнинг назмиёти пинҳон қолиб кетиши ҳам камтарликдан эмас. Назмий-фалсафий мушоҳадалар, шубҳасиз, ўз ўқувчиларини топмай қолмайди. Шу жиҳатдан, бу журъатни қутлаш жоиз, деб биламан”.

      Қадрдоним, ҳамкасбимнинг “Авлоднома” деган мемуар асари /2017/ нашр этилгач, унинг адабиётга, хусусан, шеъриятга муҳиблиги ўрта мактабда, ўқувчилик йилларида бошланганини, шоирлик орзуси бўлганлигини билдим. Бундан ҳайрон қолмадим. Ўзи ошкор қилмаса ҳам, зуваласида бадииятга ошуфталик яққол кўзга ташланиб турарди.

      Поён Равшанов 1991 йилдан ҳозирга қадар 10 та қисса, 4 та роман, 11 та шеърий тўплам-девонлар нашр эттирди. Унинг “Умид уммони”, “Карвон қўнғироғи”, “Нахшаб қиссаси”, “Қалб мулки”, “Темурбек ва амир Ҳусайн қиссаси”, “Сайқал”, “Ёниқ туйғулар”, “Яхшиликнома”, “Назмий минтақа”, “Садафмулк” ва “Садоқат манзили” тўпламлари Тошкентда, марказий нашриётларда босилди ва ўқувчилар қўлига етиб борди. Қиссалар, романлар ва девонлар сони 25 тадан ошади, деган яхши ниятим бор. Сабаби, шу яқинда Поён Равшанов ўн биринчи шеърий китобини – “Ватан мангу макон”ни нашрга тайёрлади.

      Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов вақтида таъкидлагани сингари, Поён Равшановда дунёқараш уфқи кенг, ҳаётий тажриба, маҳорат кўлами улкан. Унинг янги тўпламига киритилган исталган ғазални, мухаммас, тўртликларни олингда, танқидий таҳлил қилинг. Шунда мусаннифнинг бадиий заковати кўз ўнгингизда гавдаланади. Аминманки, сизда қониқиш пайдо бўлиб, навбатдаги варақларни очишга эҳтиёж сезасиз. Сабаби, шеърлар оддий, равон, бадиияти юксак, тили ширин. Ғазалларни мутолаа қилиб, уларда ўртага қўйилган мавзунинг юрагингизга яқинлигини, ўзингиз ҳам шу фикрда, шу тўхтамда, ҳатто, айтишга чоғланиб турганингизни ҳис қиласиз. Қандайдир романтизм нисбалари, баландпарвозлик ҳашамлари эмас, ҳаёт воқеа-ҳодисотларининг ҳаққоний бадиий тасвири чизгилари меҳр ва илиқлик уйғотади.

      Шоир бир ўринда дейди:

      Ё лоқайд, ё тиним билмайин яшаб,

      Кимдан саҳро, кимдан гулзор қоларкан.

      Лирик қаҳрамон иссиғ-совуғ кўрган, тажрибаси катта. Унинг ички кечинмалари талқинида замондошларимизнинг мужассамлашган фикр-ўйлари