Чингиз Абдуллаев– 1959 йил 7 апрелда Боку шаҳрида туғилган.
Ҳуқушунослик фанлари доктори.
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси котиби,
ПЕН-клубнинг вице-президенти,
Халқаро адабиёт фондининг ҳамраиси,
Халқаро ёзувчилар уюшмалари Кенгаши ижроия комитети аъзоси.
Асарлари МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари, АҚШ, Франция, Швеция, Норвегия, Туркия, Руминия. Исроил, Болгария, Сербия ҳамда бошқа хорижий мамлакатларда ўн саккиз тилда чоп этилган. Умумий тиражи йигирма миллиондан ошади. Адибнинг асарлари асосида ўнта бадиий фильм ва иккита сериал суратга олинган.
ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ
Анонс
Бирданига афсонавий меросга – уч миллиард “кўки”га эга бўлишни бечораҳол журналист Ринат Шарипов тушида ҳам, ўнгида ҳам хаёлига келтирган эмасди. Ҳаёти эртаклардагидек ўзгариб кетди: қимматбаҳо машина, ҳашаматли ресторанлардаги тушликлар, ҳоли-жонига қўймайдиган беҳисоб соҳибжамоллар… Афсуски, текин пишлоқ, фақат, қопқондагина бўлади. Бошига кутилмаганда ёғилган бойликнинг Ренат ҳақини эса тўлаши керак… Қўрқув билан. Кимдир унга ўқ ҳам узиб кўрди, ҳозирча бу - фақат қўлидан яраланиш билан тугади. Ким унинг пайига тушган? Унга ҳаддан зиёд бойликни мерос қолган олигарх амакисининг вертолётини портлатган кимсалар эмасмикин? Бу саволнинг жавоби чекига тушган бойликдан ҳам кўпроқ гаранг қилишини Ренат ҳали билмайди.
КИРИШ
Ушбу вилла Антибдан беш чақиримлар узоқликда – юксак оқ деворлар ортида жойлашган эди. Илгари девор анчагина паст эди, янги хўжайин эса уни қайта қуриб, баландлигини тўрт метрга етказди. Ҳамма томонга чақирилмаган меҳмонларни кузатадиган камералар ўрнатилди. Эндиликда бошқа виллаларда яшайдиган қўшниларнинг кўзи аҳён-аҳёнда дарвоза олдида кўринадиган қўриқчиларгагина тушиб қолиши мумкин эди. Чунки қўриқчилар деворни ташқи томонидан айланиб, чор атрофни диққат билан кўздан кечиришарди. Аммо бу ердаги қўшнилар унчалик синчиков эмасди. Вилла ҳовлисида махсус жиҳозланган қўниш майдончаси борлигини, Ниццадаги аэропортдан тез-тез вертолётлар келиб туришини, бу эса вилла соҳибларини автомобилда саёҳат қилишдек ғалвадан халос қилишини кўпчилик биларди.
Ўша куни вертолёт эрталабки соат ўнда учиб келди. Унгача соқчилар ўтирган икки машина виллани тарк этиб, Ницца томонга жўнаб кетган, бу ерда эса хўжайиннинг ўзи, рафиқаси, ўғли ва унинг оиласи билан бирга учиши лозим бўлган соқчилар бошлиғи қолганди. Ҳамма нарса жўнаб кетишга шай қилиб қўйилганди.
Вертолётда ўтирган учувчи хўжайиннинг ўғли билан хотини машинасига яқинлашаётганини кўриб туради. Саккиз ёшлардаги малла соч бола уларни олиб кетишга келган вертолётга ҳеч бир қизиқишсиз боқар, бунақа транспорт воситаларига ўрганиб кетгани учун уни ғайри табиий нарса сифатида қабул қилмасди. Болакайнинг онаси – ўттиз ёшлардаги чиройли чеҳрасида норозилик ифодаси балқиган аёл ўриндиққа ўғли билан ёнма-ён жойлашди. Учувчи ўзи хизмат қиладиган виллаларда бунақа қўллари бежирим, оёқлари узун ва келишимли аёлларнинг кўпини кўрганди. Бунақалар одатдаги собиқ мода юлдузлари ёки Ложувард қирғоқдадаги ҳашаматли “истироҳатгоҳ”ларнинг эгаси бўлмиш бойларга эрга чиққан ёки жазмани бўлмиш актрисалардан иборат эди.
Ичкаридан соқчилар бошлиғи оғир жомадонни кўтариб чиқди. Афтидан, унинг ичига хўжайин бошқа қўриқчиларга ишонмайдиган пул ёки бошқа қимматбаҳо нарсалар жойланган эди. Қўриқчилар бошлиғи вилла хўжайинини кутмасданоқ вертолётга чиқиб олди. Аёл афтини норозилик билан бужмайтирди: у кимлигидан қатъий назар, бирор кишини, ҳатто ўз эрини ҳам кутишни ёқтирмасди.
Ниҳоят вилла хўжайинининг ўзи кўринди, учувчи Антиб ҳудудидаги антиқа кошона соҳиби бўлмиш инсонга ғайриихтиёрий ҳурмат билан боқди. Хўжайин ёрқин рангдаги костюм кийган, қора кўзойнак ва оқ шляпада енгилтак олифталарга ўхшаб кетарди. Бойлар ўзига хос ғалати феълли инсонлар балади-да, ўйлади учувчи. Вертолётни чақиришнинг ўзи икки минг доллар турса-да, бунақа ҳашаматда яшайдиганлар учун бу пул ҳисобланмасди. Хўжайин вертолёт кабинасига тезгина чиқиб олгандан сўнг, соқчилар бошлиғи учувчига ишора қилди. Машина ҳавога кўтарилди.
У бир ярим дақиқадан сўнг денгиз устидан учаётганда портлади. Пляжда чўмилаётган минглаб чўмилувчиларнинг кўз олдида фожиали ва эсдан чиқмайдиган манзара рўй берди. Вертолёт худди ракета теккандек бирданига парчаланди. Унинг увадалари дам олувчиларнинг ваҳимали қийқириқлари остида денгиз узра ёғилди.
1 боб
Боши чидаб бўлмас даражада оғрирди. Уйига эрталаб соат бешларда келганди чамаси. Ичишни сал ҳаддидан ошириб юборипти. У чўнтагидан чиққан ғижимланган қоғоз пулларга қараб турди-да, столча устига қўйди. Пул деган лаънати доимо ҳалокатли тарзда етишмасди. У тўшакдан қўзғолиб, бор пулларини қайта санади. Саккиз минг рубл. Тахминан уч юз доллар. Сўнгги иккита мақоласи учун журналдан олган қалам ҳақидан қолгани шу эди. У хўмрайди. Журнал ҳийла машҳур бўлиб, унга икки минг доллар тўлаганди. Қанчалар тез ва аҳмоқона сарфлапти-я. Бунча катта пулни нимага харж қилиш